Хавфли кимёвий моддалар бошқаруви
Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида кенгайтирилган ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда ҳамкор ташкилотлар кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш учун техник кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасидаги навбатдаги вазифалар ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда Қўмита вакиллари томонидан тизимда институционал ўзгаришлар изчил давом этаётганини, юқори хавфли пестицидлардан босқичма-босқич воз кечиш, зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш (IPM) ёндашувини кенг жорий этиш бўйича чоралар ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамалар натижасида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш бўйича Европа тажрибасини ўрганиш ва босқичма-босқич жорий этишга келишиб олинди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари айланмасини назорат қилиш, шунингдек, фойдаланилган кимёвий воситалар идишларини хавфли йиғиш ва бошқариш бўйича ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида танишув ташрифини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, назорат тизимини такомиллаштириш зарурати муҳокама этилди. Пестицидларни рўйхатдан ўтказишдан кейинги назорат тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва ушбу йўналишдаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши сифатида мутахассислар салоҳиятини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Тренинг дастурларини давом эттириш, ердан фойдаланувчилар учун амалий ўқувлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ва мониторинг методологиясини ишлаб чиқиш чоралари кўрилади.
Ишлатилган кимёвий тараларни ҳисобга олиш, уларнинг ҳаракатини кузатиш, йиғиш ва утилизация қилиш жараёнларига замонавий рақамли ечимлар, жумладан, Container Tracking System тизимини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича Қўшма Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида қисқа муддатларда техник онлайн-консультацияларни бошлашга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА