Ҳаваскорларнинг чиқишларини профессионал актёрлар баҳолади
Саҳнада – ўқувчилар
Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида “Турон” мактаб театри республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ҳамда театр санъатига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида ўн олти туман ва шаҳарнинг энг муносиб деб топилган жамоалари ўзаро беллашди. Иштирокчиларнинг чиқишлари театр ва кино санъати дарғалари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Баҳодир Нишонов, Шоҳида Исмоилова ҳамда актёр Барот Ҳасановлар томонидан баҳолаб борилди.
“Турон” мактаб театри республика танлови низомига жорий мавсум ўзгартириш киритилган бўлиб, жамоалар икки шарт – “Бизнинг мактаб” ўз ўқув муассасаларини таништирув ҳамда “Театр – ибратхона” мавзусидаги саҳналаштирилган бадиий чиқишлар намойиши бўйича беллашди.
[gallery-28552]
Ҳаёти ва ижоди билан авлодларга ватанпарварлик, мардлик, фидойилик борасида юксак ибрат кўрсатган Тўмарис, Алишер Навоий, Усмон Носир каби аждодларимизни ўз саҳна асарларида маҳорат билан гавдалантирган мактаб ўқувчиларининг истеъдодлари мухлислар, ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун муносиб, деб Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактабининг “Турон” жамоаси танланди. Танловда иккинчи ўринни Тойлоқ туманидаги 26-умумтаълим мактабининг “Турон юлдузлари” жамоаси, учинчи ўринни Каттақўрғон шаҳридаги 17-умумтаълим мактабининг “Буюк Турон” жамоаси қўлга киритди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА