Хатирчининг футболни севувчи ёшлари
Ёшларни спорт билан шуғулланиши учун юртимизда барча шарт-шароитлар яратилиб, манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Айни пайтда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ва спорт турлари билан шуғулланишлари учун ҳар бир сектор раҳбарлари кубоги, ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари, “ДХХ раиси кубоги”, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва бошқа бир қатор мусобақалар ташкил этилмоқда.

Маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқиш, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 67-мақсадида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, маҳаллаларда ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш, aҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш, маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш ва оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш белгиланган.
Кейинги йилларда Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Тасмачи” маҳалласида спортга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Бугунги кунда ушбу маҳаллани кўпчилик спортчилар маҳалласи, деб билади. Чунки ўтказилаётган спорт мусобақаларида маҳалла ёшлари қайсидир спорт туридан, албатта, ғолибликни қўлга киритади.
– Маҳалламизда ҳаваскор спортчи ёшлар кўпчиликни ташкил этади, – дейди маҳалла ёшлар етакчиси Комил Фармонов. – Ҳар куни ёшларимиз эрталаб ва кечқурун спортнинг қайсидир тури билан шуғулланади. Шу боисдан бўлса керак, туман ва вилоят миқёсида спортнинг волейбол, стол тенниси, кураш, енгил атлетика, шахмат турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда фаол иштирок этиб, доимо совриндорлар қаторидан жой эгаллайди. Яқиндагина “Ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси” республика босқичида ҳам маҳалламиз ёшлари фаол иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, “Ёшлар ойлиги” доирасида 80 миллион сўмлик сертификатни қўлга киритишди ва маҳалламизда воркаут майдончаси қуриладиган бўлди. Бу ҳам маҳаллада ёшлар ўртасида спортни янада ривожлантириш ва оммалаштиришга хизмат қилади.

Маҳалла ёшларидан иборат “Тасмачи шунқорлари” футбол жамоаси нафақат туманда, балки вилоятда ҳам тенгсиз эканликларини исботлади. “ДХХ раиси кубоги” мусобақасида улар республикада вилоят шарафини ҳимоя қилади.
– 2019 йилдан буён футболчи ёшлар билан ишлайман, – дейди маҳалла фаоли Жамшид Исломов. – Ёшларимиз туман миқёсида ўтказиладиган барча футбол мусобақаларида фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритади. Бу йил “ДХХ раиси кубоги” мусобақасининг барча босқичларида мувафаққиятли иштирок этиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритдик. Ҳозирда якуний босқичга тайёргарлик кўряпмиз. Футбол бўйича олий лигада вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган “Қизилқум” жамоасидан мураббий жалб қилиниб, ёшларимиз шуғулланяпти.

Спорт билан шуғулланган киши доимо соғлом, тетик, ишларида эса унум бўлади. Фарзандлари соғлом юрт эса доимо қудратлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА