Харид чекларидан ютуқли ўйин
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, мазкур тизимларда яширин иқтисодиётни қисқартиришда аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харидлар бўйича назорат-касса техникаси орқали берилган чеклар асосида ютуқли ўйинлар ўтказилади.
– Мазкур ҳудудларда фаолият кўрсатаётган чакана савдо, хизмат кўрсатиш ҳамда умумий овқатланиш соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларида амалга оширилган харид чекларини “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказган ҳар бир жисмоний шахс бевосита ютуқли ўйин иштирокчисига айланади. Мобил иловасида ҳар бир жисмоний шахсга рўйхатдан ўтказилган харид чекларининг ютуқли ўйинга киритилгани ҳақида маълумот бериб борилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Ботир Артиков.
Таъкидланганидек, харид чеклари “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилганда, унга шакллантирилган ой учун ўйналадиган ютуқли ўйинда қатнашиш ҳуқуқини беради. Ютуқли ўйин ҳар ойда Солиқ қўмитасининг мазкур мобил иловасидаги “Ютуқли ўйинлар” платформаси орқали ўтказилади.
Танлов бир ой давомида иштирокчилар томонидан рўйхатдан ўтказилган харид чекларининг жамланмаси доирасида ўтказилиб, ғолиблар инсон омилисиз харид тасодифий танлаб олиш асосида аниқланади. Ютуқли ўйин платформасида рўйхатдан ўтказилган харид чеклари тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида очиқ ҳамда шаффофлик принципи асосида тақдим этиб борилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги Комиссия билан келишган ҳолда, ўйин ғолибларига қўшимча совринларни ҳам бериши мумкин. Ҳар ойнинг 10-санасида Комиссия томонидан танлов ғолибларини мукофотлаш тадбирлари ўтказилиб, ушбу жараёнлар ҳамда танлов ғолиблари тўғрисидаги маълумотлар Солиқ қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ва ҳудудий телерадиоканалларда жонли эфирда узатилади.
Ғолиб сифатида аниқланган шахсларга ҳар ой якуни билан харид суммасининг бир фоизини қайтариб беришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири