Ҳарбийликка ҳавасманд ёшлар беллашуви
ФОТОРЕПОРТАЖ
Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” шиори остида мусобақа ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари соврини учун вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақада ҳар бир туман ҳамда шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 та жамоа иштирок этди. Иштирокчилар мусобақа низомига кўра, “Сафда қўшиқ айтиш”, “Ҳарбий эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш” ва “Темур тузуклари билимдони” шартлари бўйича беллашди.
[gallery-5189]
Мусобақа ҳакамлари томонидан барча шартлар якуни бўйича энг фаол иштирок этган Каттақўрғон туманидаги 57-умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин Пахтачи тумани ўқувчиларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни пастдарғомлик ўқувчилар қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ҳамда иштирокчи ўқувчилар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари топширилди. Эътиборлиси, ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари А. Норбоев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А. Саидов ва бир гуруҳ фахрийлар томонидан тақдирланди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА