Ҳарбийлар байрамни янги уйда нишонлашади
Гулистон шаҳридаги "Янги ҳаёт" массивида 14 Январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент ҳарбий округ қўмондонининг ўринбосари Бахтиёр Ўралбоев, вилоят мудофаа бошқармаси ҳарбий хизматчилари, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда ҳукуматимиз томонидан ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланиб, 30 нафар тинчлигимиз посбонларига янги 2 ва 3 хонали хонадонлар калити топширилди.

Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар шинам ва барча қулайликларга эга. Меҳмонхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналар давр талабига мос тарзда жиҳозланган.
– Давлатимиз раҳбари томонидан ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги тегишли қарорига мувофиқ 30 нафар ҳарбий хизматчилар бугун ўз уйларига эга бўлди, – дейди Тошкент ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Бахтиёр Ўралбоев. – Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳарбий хизматчиларимиз учун бу қўшалоқ байрам бўлди.

–20 йилдан буён республикамизнинг Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмларда садоқат билан хизмат қилиб, ҳозирда Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмда хизматдаман, –дейди майор Жаҳонгир Умаров. – Оилам билан кўп йиллардан буён хизмат уйларида яшаб келдик. Камтарона хизматим эвазига бугун 3 хонали ўз уйимга эга бўлдим. Бундан нафақат мен, оилам, фарзандларим ҳам жуда хурсанд. Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман. Ўз юртимга хизмат қилиб, қадр топганимдан кўнглим тоғдек кўтарилди.

– Бу йилги ватан ҳимоячилари куни байрами ҳаётимда унутилмас кун бўлиб қолмоқда, – дейди Мирзаобод туманидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган подполковник Ферузбек Комилов. –20 йиллик хизматларим бесамар кетмади. Менинг оиламга ҳам 3 хонали хонадон берилди. Ватанимга, Президентимга бўлган ишончим, муҳаббатим янада юксалди. Ватан ҳимоячиси деган улуғ номга сазовор бўлганим билан фахрланаман. Ватанимга, халқимга, Президентимга янада садоқат билан хизмат қиламан.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири