Ҳарбий-ватанпарварлик фестивали
14 январь -Ватан ҳимоячилари куни
Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами олдидан “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир нуронийлар, ёшлар, ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ҳарбий парад билан бошланди. Ушбу жараёнда тадбир қатнашчилари ҳарбий оркестр ҳамроҳлигида Тошкент кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган пиёда кучлар ҳамда механизациялаштирилган колонналарни фестивал ўтказиладиган асосий майдон сари кузатиб келди.
[gallery-15429]
Тадбирнинг асосий қисми Мотамсаро она ҳайкали мажмуасида ўтказилди. Унда сўзга чиққан туман ҳокими Хуршид Тоҳиров тадбир иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни байрами билан самимий қутлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мудофаа соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр билдирди.
Фестивалда туман аҳолиси, айниқса, ёшлар учун замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника кўргазмаси, шунингдек, ҳарбий оркестр, туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари ижросидаги концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг қурол билан саф ҳамда қўл жанги элементлари чиқишлари ҳамда ҳарбий соҳага алоқадор техник воситалар намойиш этилди.
– Тадбирдан асосий мақсад ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, мазкур йўналишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини янада оширишдир. – дейди Қоракўл тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Раббонақул Мухторов.
Ёшлар фестивал доирасида замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намуналари билан яқиндан танишди. Ватан ҳимоячилари билан дилдан суҳбат қурди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Ёшларга бир қатор техник воситалар билан машқ қилиш имконияти ҳам берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари