Ҳарбий қисмда уч авлод учрашуви
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Ҳарбий қисм, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларининг Андижон шаҳридаги ҳарбий қисми, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳарбий фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кекса авлод вакиллари - фахрий ҳарбийлар, ҳарбий қисмда хизмат вазифасини ўтаётган аскар ва зобитлар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббати, миллий армиямизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, майор Фаррух Санаев.

– Қолаерса, фахрий ҳамда хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан бевосита мулоқот орқали, Ватан ҳимояси муқаддас ва шарафли бурч эканлигини ёшларга чуқурроқ англатишдан иборат.
Тадбир иштирокчилари дастлаб ҳарбий қисм, ҳарбийларнинг хизмат ва яшаш шароитлари, ўқув-машғулот хоналари билан танишди. Айниқса, ўқувчи ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги мулоқот жуда қизиқарли кечди.
Тадбирда сўз олган вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳарбий фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Муталибжон Холиқов, афғон уруши қатнашчилари Раҳимжон Қосимов, Иброҳимжон Исроилов ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, Ватан ҳимояси, унинг тинчилиги ва сарҳадлари даҳлсизлигини сақлаш ҳар бир инсоннинг, айниқса, эр йигитнинг муқаддас бурчи эканлиги ҳақида гапирди.

Уч авлод вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
– Катта бўлганимда эгнимга ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиламан, - дейди Асака туманидаги 25- сонли айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Рўзимуҳаммад Хабибуллаев. – Бугунги тадбир қалбимдаги ана шу орзуларни янада мустаҳкамлади. Ҳарбийлар ҳаёти билан бевосита танишиб, улар билан суҳбатлашиб, айниқса, фахрийларнинг хотираларини тинглаб, ҳарбий бўлишга қизиқишим юз чандон ортди. Фақат аъло баҳоларга ўқиб, спорт билан шуғулланиб, келажакда Ватан ҳимоячиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Ватан ҳимоячилари куни олдидан ҳарбий қисмда бу каби тадбирлар деярли ҳар куни бўлиб ўтмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА