Харажатларини “қуёш” дан оладиган боғбонлар
Сарлавҳани ўқиб ҳайратланманг. Ҳа, Фарғона вилоятида боғдорчилик харажатларининг бир қисмини “қуёш” дан оладиган хўжаликлар бор. Узумчиликда замонавий, айтиш мумкинки, илгари ҳеч ким ҳеч қачон қўлламаган агротехнология жорий этилди. Аслида, Фарғонада узумчилик ҳудуднинг аграр салоҳиятини намоён этувчи муҳим йўналишлардан бири сифатида ривожланмоқда.
Ўзбекистон-Россия худудларининг III йиғилиши иштирокчилари Қува туманидаги «AOK GARDEN» МЧЖда йўлга қўйилган замонавий узумчилик фаолияти билан танишдилар.
110 гектар майдонда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 50 гектарда 10 мингта қуёш панели ўрнатилиб, 5 МВт қувватга эга замонавий энергия тизими яратилган.
Меҳмонларга узум етиштириш, томчилатиб суғориш тизими, узумзорларни парваришлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишиб, «AOK GARDEN»да қўлланилаётган замонавий ёндашувларга юқори баҳо бердилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА