Ҳар қандай муаммони маҳаллада ҳал қилиш мумкин
Маҳалла тинч бўлса, ҳар бир муаммо маҳалланинг ўзида ҳал этилса, бу мамлакат тараққиёти учун муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
Халқ маҳалла раисидан, маҳалла раиси эса халқдан рози бўлиб ишлайдиган маҳаллалар кўп.
Ана шундай масканлардан бири Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Хадра» маҳалла фуқаролар йиғинидир. Бу ерда ҳам оилавий можаролар, оилавий ажримлар каби ҳолатлар кузатилади. Аммо маҳалла фаоллари ва масъул ходимлар иштирокида муаммолар тезда ижобий ҳал қилинади. Маҳалла ичидаги кўнгилсиз ҳолатлар маҳалладан ташқарига чиқмайди.
–Фуқароларининг муаммоси бўлмаган маҳалланинг ўзи йўқ, –дейди «Хадра» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зафар Муҳаммаджонов. –Ҳамма гап ўша муаммони қай шаклда ҳал қилишда. Айрим муаммолар маҳалла даражасида ҳал этилмаса, фуқаролар мурожаати ўз ечимини топмаса, мурожаатчи юқорига арз қилишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, оддий музокаралар билан ҳал бўладиган масала кенг қулоч ёзиб кетади. Гоҳида телевидениеда бир оиланинг ички муаммолари, эр ва хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари экранга олиб чиқилиб, турли соҳа эгалари муҳокама қилишади. Бу бутун Ўзбекистон аҳлига экран орқали намойиш этилмоқда. Аслида, маҳалла тизими ишласа, ҳар бир муаммо маҳаллада ҳал этилса, муаммолар бу даражада илдиз отмасди.
«Хадра» маҳалла фуқаролар йиғинида ўрнак бўларли яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқ лозим. Маҳалла идораси ҳовлисида кўргазмали шаклда ташкил этилган кутубхона мавжуд. Бу ер доим одамлар билан гавжум бўлади. Очиқ ҳаво, табиат қўйнида ташкил этилган кутубхонанинг ўзида ҳам мутолаа қилиш имконияти яратилган. Бу маданий ҳордиқ чиқаришни истаган нуронийларнинг мутолаа билан банд бўлиши учун айни муддао. Мингдан зиёд турли мавзудаги китоблар, адабий-бадиий нашрлар билан бойитилган кутубхона маҳалла аҳлининг ташаббуси билан ташкил этилгани янада қувонарли. Бу масканда тез-тез китобхонлик, шеърият кечалари, атоқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилади.
Маҳалла Кенгаши ҳудудда жойлашган 59- давлат ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда тез-тез адабий-бадиий тадбирларни ташкиллаштиради. Хусусан, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида таълим муассасасида таэквондо, Ўзбек жанг санъати спорт тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги мактабларда биринчилардан бўлиб Чим устида хоккей федерациясидан махсус мураббий жалб қилиниб, қизлар ўртасида чим устида хоккей тўгараги фаолияти йўлга қўйилган.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз, «Хадра» маҳалласи хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида ҳам жуда фаол. Ҳар икки ойда маҳалладаги ўндан ортиқ аёл мавсумий ва доимий иш билан таъминланади. Улар орасида кам таъминланган оила вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронлари бор.
Мухтасар айтганда, Хадра маҳалласи фаоллари аҳолининг маънавий дунёқарашини юксалтириш, уларни ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун янгидан-янги ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишда доимо ташаббускор бўлмоқда.
Д.Маматова, ЎзА