Ҳар куни ташлаймиз, аммо билмаймиз: чиқиндилар қаерга кетади?
Чиқиндиларнинг дуч келган жойга ташланиши, уларнинг атроф-муҳитга зарари доимий муаммоимиз.
Ҳар куни уйимиздан чиқарган чиқиндиларни контейнерга ташлаймиз. Аммо уларнинг кейинги манзили қаер экани, қандай қайта ишланиши ёки хавфсиз сақланиши ҳақида кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмайди. Аслида эса ҳар бир чиқиндининг ортида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган катта тизим ишлайди. Чунки қонунчиликка кўра, чиқиндиларни сақлаш санитария нормалари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Хўш, уйимиздан чиққан чиқиндиларнинг сўнгги манзили қаер?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 15 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бу улкан ҳажмдаги чиқиндилар махсус техника воситалари орқали йиғилиб, ҳудудлардаги чиқинди полигонларига олиб борилади.
Бугунги кунда республика бўйлаб 200 га яқин чиқинди йиғиш полигони фаолият юритмоқда. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида эса ҳозиргача 47 та маиший чиқинди полигони бутунлай тугатилди. Шунингдек, мамлакат миқёсида 50 га яқин эски ва тўлган полигон ёпилиб, уларда рекультивация ишлари амалга оширилди.
Пойтахтда ҳам чиқиндиларни бошқариш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида 3 та қайта юклаш пункти фаолият юритади. Мавсумга қараб, ҳар куни шаҳарнинг ўзида 1500 тоннадан 2500 тоннагача маиший чиқинди махсус герметик техникаларда зичланган ҳолда полигонларга етказиб берилади.
Эътиборлиси, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида барпо этилган янги авлод полигони анъанавий чиқиндихоналардан тубдан фарқ қилади. 24 гектар майдонни эгаллаган мазкур мажмуа махсус герметик қопламалар билан жиҳозланган бўлиб, чиқиндилардан ажраладиган зарарли моддаларнинг ер ости сувларига сингиб кетишининг олди олинади. Бу эса атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатда чиқиндиларни бошқариш соҳасини янада такомиллаштириш бўйича ишлар давом этмоқда. Режага кўра, 2030 йилга қадар республикадаги чиқинди полигонлари сонини яна 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Чиқиндини тўғри бошқариш, саралаш, белгиланган жойга ташлаш ва қайта ишлаш маданиятини шакллантириш ҳар бир фуқаронинг экологик масъулиятидир. Зеро, бугун контейнерга ташланган бир дона чиқинди эртанги атроф-муҳит ва келажак авлодлар саломатлигига ҳам таъсир кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА