Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинган.
Туманнинг И.Бухорий МФЙда туман Халқ қабулхонаси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари “Кексалар маслаҳати” гуруҳи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди. Унда туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари, МФЙлардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи, “Бувижонлар мактаби” аъзолари, туман Ёшлар ишлари агентлиги, туман имом хатиби ҳамда туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси ходимлари қатнашди.

Семинарда Нуронийлар жамоатчилик кенгашининг кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ўрни ҳақида сўз борди.
Ҳудудларда “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида нуронийларни ёшларга бириктириш бўйича янги тизимни жорий этиш юзасидан қилинган чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди.
–Ногиронлар ва маҳаллаларда яшайдиган ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматининг таъсирчан механизмларини яратиш ва назорат ўрнатиш муҳим вазифа, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қоровулбозор туманидаги Халқ қабулхонаси. – Мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди.

Семинар якунида ҳар бир ҳудудлардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг фаолияти таҳлил қилинди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама этилиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва фаолиятини янада такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, ЎзА