Ҳар бир маҳалланинг энергетик паспорти бўлади
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳар бир маҳалла бўйича электр ва табиий газ таъминотига оид асосий маълумотларни ягона тизимда жамлайдиган энергетик паспорт шакллантирилади.
Унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва таркиби, энергия истеъмоли ҳажми, мавжуд қувват, электр ва газ инфратузилмасининг таркиби ҳамда техник ҳолати, янги истеъмолчиларни улаш имкониятлари ва модернизацияга бўлган эҳтиёж акс эттирилади.
Мазкур маълумотлар асосида маҳаллада энергия ресурсларининг тақсимланиши ва истеъмоли таҳлил қилинади. Шунингдек, техник ва тижорий йўқотишлар юқори бўлган ҳудудлар, истеъмол ҳажмидаги кескин ўзгаришлар, ҳисобга олинмаган истеъмол ҳамда ноқонуний ёки техник талабларга мос бўлмаган уланишларни аниқлаш имкони пайдо бўлади.
Энергетик паспортдаги маълумотлар асосида тармоқлардаги юклама ва мавжуд қувват захираси таҳлил қилинади. Бу эса қайси ҳудудларда қувват етишмаслиги ёки тармоқларни кучайтириш зарурлигини олдиндан аниқлаш имконини беради.
Масалан, маълумотлар қайси тармоқларда қувват заҳираси борлигини кўрсатади. Электр таъминотида узилиш юзага келган ҳолатда эса юкламани мавжуд имкониятлар доирасида бошқа тармоқларга ўтказиш ва истеъмолчилар таъминотини сақлаб қолиш чоралари белгиланади.
Шунингдек, янги кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш объектлари барпо этилиши натижасида юзага келадиган қўшимча юклама ҳам олдиндан ҳисобга олинади. Агар мавжуд қувват етарли бўлмаса, қайси тармоқ ёки трансформаторни кучайтириш, қаерда қўшимча инфратузилма барпо этиш зарурлиги ва бунинг учун қанча ресурс талаб қилиниши аниқланади.
Энергетик паспорт фақат маълумотларни жамлаш воситаси бўлиб қолмай, маҳаллада энергия таъминоти ҳолатини комплекс баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, хавфларни олдиндан кўриш ва инфратузилмани ўз вақтида ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим бошқарув воситасидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА