Ҳар бир ижобий натижа эътиборда
Давлатимиз раҳбари томонидан солиқ органлари ходимлари олдида қўйилган аниқ вазифалардан келиб чиқиб бугунги кунда жойларда солиқ хизмати ходимлари “маҳаллабай” тизимида фаолият юритмоқда.
Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинига 22 нафар солиқ инспектори бириктирилган. Улар “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш юритаётир. Бу бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичларини ортиғи билан бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.


– Менга Когон шаҳридаги “Зирабод”, “Бухорои Шариф” ҳамда “Махтумқули” маҳаллалари бириктирилган, – дейди солиқ инспектори Ботир Эргашев. – Мазкур маҳаллаларда айни пайтда жами 78 та юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган корхоналар ҳамда 80 га яқин якка тартибдаги тадбиркорлар турли йўналишларда фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда 2 143 нафар мол-мулк ҳамда 1 646 нафар ер солиғи тўловчиси мавжуд. Шунингдек, 646 киши ўзини ўзи банд қилиб ўз уйида тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Маҳаллада менинг асосий вазифам, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият олиб боришига кўмаклашиш орқали солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган. “Маҳаллабай” тизимида мен ўзимга бириктирилган ҳудудларда мол-мулк ва ер солиқларини тўловчи жисмоний шахслар ҳамда тадбиркорнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ўрганиб, зарур ҳолларда уларга керакли маслаҳат бериб, солиқ тушумларини ўз вақтида тўланиши, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш чораларини кўраман. Хусусан, тадбиркорларнинг муаммоларини сектор раҳбари ва “маҳалла еттилиги” кўмагида ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Мазкур янги тизимнинг ишга тушиши натижасида 2024 йил февраль ойида менга бириктирилган маҳаллаларда белгиланган вазифаларни 97.6 фоизга бажарилди.


Солиқ инспекторининг ишлари KPI дастури орқали баҳоланиб 97.6 баллни қайд этди. Унга лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида пул мукофоти белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.