Ҳар бир дарахт – нафас олиш учун тоза ҳаво, ҳар бир кўчат – келажак учун қўшилган қиймат
Энергетика вазирлиги ва ёқилғи-энергетика тармоғидаги барча тизим ташкилотлари республика ҳудудларида экологик барқарорликни таъминлаш ва атмосфера ҳавоси таркибини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб бормоқда.
Хусусан, мазкур ташкилотлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалий тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимованинг таъкидлашича, баҳор мавсумида республика бўйлаб 205 578 туп мева ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
– Ушбу лойиҳа нафақат ҳаво сифатини яхшилашга, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилади. Биз саноат корхоналари атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш натижасида экологик мувозанатни сақлашга ҳаракат қилаяпмиз. Лойиҳанинг асосий мақсади аҳоли ва келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратиш, ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашдир. Шу билан бирга, бу тадбирлар мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Биз нафақат дарахт экяпмиз, балки аҳоли орасида экологик тарбияни кучайтиришга ҳам эътибор қаратяпмиз. Ҳар бир дарахт – нафас олиш учун тоза ҳаво, ҳар бир кўчат – келажак учун қўшилган қиймат. Шунинг учун бу каби лойиҳаларни кенгайтириш ва барча ҳудудларга татбиқ этиш орқали мамлакатимизнинг экологик салоҳиятини янада мустаҳкамлаймиз, – деди Дилдора Ҳошимова.
Таъкидлаш керакки, “Яшил макон” лойиҳаси нафақат баҳор мавсумидаги кўчатлар экиш тадбирлари, балки узоқ муддатли экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган тизимли ишлардир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА