"Ханчжоу-2022": Академик эшкак эшувчимиз финалда
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинларининг саралаш мусобақалари бир қатор спорт турларида давом этмоқда.
Бугун, 22 сентябрь куни мамлакатимиз бешкурашчиларидан Дониёр Раҳимов ва Садриддин Қобилжонов, академик эшкак эшувчилардан Анна Пракатен ва стол тенниси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари баҳсларда иштирок этди. Футболчиларимиз бугун Гонконг вакилларига қарши майдонга тушади.
Бешкурашчиларимиз гуруҳ босқичи баҳсларида 12 ва 14-ўринлар билан кифояланган бўлса, академик эшкак эшиш бўйича ярим финал беллашувларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Анна Пракатен 7:47.88 натижа билан 1-ўринни эгаллади. Энди у 25 сентябрь куни медаллар учун ўтказиладиган финал баҳсларида қатнашади.
Осиё ўйинлари стол тенниси баҳсларининг "Е" гуруҳида қатнашаётган ҳамюртларимиз дастлабки учрашувни Гонконг терма жамоасига қарши ўтказди. Шиддатли ўтган баҳсда терма жамоамиз аъзолари имкониятни бой бериб қўйди.
Кичик ракетка усталари иштирокидаги навбатдаги гуруҳ ўйини эртага ташкил этилади. Унда теннисчи қизларимиз Баҳрайн терма жамоаси билан куч синашади. Ушбу гуруҳдаги Гонконг-Баҳрайн ўйинида 3:0 ҳисобида гонконгликларнинг қўли баланд келди.
Эслатиб ўтамиз, эртага Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими ташкил этилиши муносабати билан стол тенниси ва парус спортидан ташқари барча спорт турларидаги мусобақаларга 24 сентябрдан старт берилади.
Т.Рўзиев, ЎзА