Ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам кўприги
Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар – мамлакатда яшовчи муайян миллат вакилларининг миллий-маданий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи жамоат ташкилотларидандир.
Дастлабки миллий-маданий марказлар 1989 йилда тузилган эди. Лекин, мамлакатимиз мустақилликка эришгачгина уларнинг чинакам ривожланиши ва самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилди. 1992 йилда юртимизда атиги 10 та миллий маданий марказ иш олиб борган бўлса, 1995 йилда уларнинг сони 72 тага, бугунга келиб эса 140 тага етди.
Фарғона вилоятида 50 дан ортиқ қардош миллат ва элат вакиллари тинч-тотув умргузаронлик қилмоқда. Вилоятда фаолият кўрсатаётган славян, татар, немис, тожик, қирғиз, яҳудий, корейс, турк миллий-маданий марказлари турли миллат вакиллари қадриятларини асраб-авайлаш, ривожлантириш, уларни ягона мақсад, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлида бирлаштириб туради.
[gallery-3233]
Фарғонада мазкур марказларни бир жойда бирлаштирувчи вилоят миллий маданий маркази – “Дўстлик уйи” ташкил этилган. Унинг асосий мақсади миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва янада ривожлантиришдан иборатдир.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, миллий-маданий марказлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиладиган байрам тадбирлари, маданий-маърифий учрашувлар, миллат ва элатларнинг кўп йиллик урф-одат, анъана ва қадриятларини намоён этувчи шодиёналарда дўстона илиқлик, дийдор, диллар ҳамжиҳатлиги ҳукмрон бўлмоқда. Буни татарларнинг “Сабантўй”, “Кубалягим”, корейсларнинг “Ой тақвими”, “Тано”, “Чусок”, “Баҳор рапсодияси”, яҳудийларнинг “Рош а-Шана” каби миллий байрамларининг кўтаринки руҳда ўтаётганида ҳам кўриш мумкин.
Бундай маданий-маърифий тадбирлар воситасида турли миллат ва элатлар, айниқса, ёш авлоднинг маънавий эҳтиёжини қондиришга, улар онгига “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Шу азиз Ватан барчамизники”, “Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона”, “Бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик омили” ғояларининг асл моҳияти чуқурроқ сингдирилмоқда. Зеро, дўстлик, бағрикенглик, тотувлик тамойили асосида яшаган юрт янада гуллаб-яшнайди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА