Ҳамжиҳатлик барқарор бўлган юрт
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов миллатлараро тотувликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган янгиланиш жараёнларида устувор ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Айни жиҳатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2020 йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида муҳим аҳамият касб этади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давалатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мамлакатимиздаги 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Шундан 4 та миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти 2020 йилда ташкил этилди.
Жорий йил қўмита томонидан юртимизда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, фидойилик руҳида тарбиялашга оид кўплаб онлайн конференция, мулоқот, учрашув ва анжуманлар ўтказилди. Баланд руҳ ва юксак савияда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида ўтган “Бағрикенглик ҳафталиги” мамлакатимизда ўзаро дўстлик, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик муҳити мудом барқарор эканини яна бир карра намоён этди.
Пандемия билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай Самарқанд шаҳрида “Нурафшон” дўстлик уйи, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Гулистон маҳалласида “Миллатлар дўстлиги” маданият саройи ва кўплаб маърифат, дўстлик масканлари ташкил этилди. “Дўстлик уйлари”ни барпо этишга оид бу каби эзгу ташаббуслар мамалакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйгани эътиборга моликдир.
“Халқ дипломатияси” механизмидан фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида чет элдаги 21 та ташкилот билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда онлайн тарзда саксондан ортиқ халқаро давра суҳбатлари, анжуманлар ўтказилди.
Чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам маърифий алоқалар кенг йўлга қўйилди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида парламент назорати механизми кенг жорий этилди.
Жумладан, 2020 йил 9 декабрда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Қўмита раисининг соҳадаги мавжуд ишларга, режаларга оид ахбороти тингланди.
Қўмита 2021 йилда ҳам юртимизда ўзаро аҳиллик, дўстлик, ҳамжиҳатлик муҳитини асраб-авайлашга оид тадбирларни изчил давом эттириш, бу борада кўплаб маърифий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни кўзлайди.
Матбуот анжуманида медиа тузилмалар ходимларининг саволларига батафсил жавоб берилди.
Н.Усмонова, ЎзА