Ҳамшираларни Италия тиббиёт муассасаларига ишга жалб этиш юзасидан таклиф билдирилди
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гвидо де Санктис билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмат хабар берди.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани, хусусан, тиббий таълим, кадрлар тайёрлаш, клиник амалиёт, илмий ҳамкорлик ва фармацевтика йўналишларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Айниқса, Андижон давлат тиббиёт институти билан Л’Аквила университети ўртасидаги ҳамкорлик, Павия, Пиза ва Перуджа шаҳарларидаги академик марказлар билан йўлга қўйилган алоқалар юқори баҳоланди. Шунингдек, Ломбардия минтақаси ҳамда Перуджа университети билан тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича эришилган келишувлар эътироф этилди.
Учрашувда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзбекистонлик шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг Италиядаги етакчи клиника ва университетларда стажировкасини кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, элчи жаноблари ўзбекистонлик ҳамшираларни Италиядаги тиббиёт муассасаларига ишга жалб этиш юзасидан таклифларини билдирди.
Қолаверса, фармацевтика соҳасида технологиялар трансфери, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва фармаконазорат бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда, шунингдек, Италия компанияларининг юртимизда тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш, соҳани рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалардаги иштирокини таъминлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА