“Ҳамшира–2024” кўрик-танлови ғолиблари
Бухорода “Ҳамшира-2024” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов тасдиқлаб берилган Низом шартлари асосида ўтказилди. Унда мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор буюрган дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалда муайян беморга тиббий ёрдам кўрсатиш синовлари орқали иштирокчилар баҳоланиб борилди.

Ҳамшираларимиз мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараён, соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамширанинг ўрни ва вазифалари, тиббий билимларга оид тезкор саволларга жавоб берди. Шунингдек, зукко ҳамшираларнинг одам анатомияси ва физиологияси, касаллик белгилари, ҳамширалик иши, тиббий ҳужжатлар, шошилинч тиббий ёрдам, дори воситалари, юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда кундалик касбий иш салоҳиятини кўрсатувчи эркин мавзулар бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.


“Ҳамшира-2024” кўрик-танловининг қуйи босқичлари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, республика ихтисослаштирилган марказлари филиаллари, шошилинч тиббий ёрдам, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларида ташкил қилинди. Уларда жами 378 нафар ҳамшира, яъни ўрта махсус тиббиёт ходими касбий билим маҳорати ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказди.

–Ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилган ва муросасиз кечган баҳсда нисбатан юқори, 166 баллга эга бўлган Жондор тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч қабул бўлими ҳамшираси Диёра Одинаева фахрли 3-ўринни қўлга киритди, –дейди вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Маъмура Сафоева. –Ундан кичик фарқ билан устун келган Бухоро шаҳрининг 6-сонли оилавий поликлиникаси ҳамшираси Гулмира Абдуллаева фахрли шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан ўрин олди, Вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери ҳамшираси Шаҳло Ғайбуллаева эса ҳакамлар ҳайъати якдил қарорига биноан, 184 балл тўплаб, кўрик-танловнинг вилоят босқичи мутлоқ ғолиби деб топилди. Энди у жорий йил 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан пойтахтда бўлиб ўтадиган “Ҳамшира-2024” кўрик-танловининг республика финал босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

Кўрик-танлов ғолиб ва иштирокчилари ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири