Ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари бугун ҳудудлар бўйича амалий ҳамкорлик билан тобора бойиб бормоқда. Жиззах вилоятида ҳам қардош давлат билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янги мазмун билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Туғжанов билан учрашуви ана шу ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Мулоқотда, аввало, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жиззах вилоятининг Қозоғистон билан чегарадошлиги, тарихий ва географик яқинлиги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун муҳим омил сифатида қайд этилди.
Айниқса, сув ресурслари, ирригация, чегара савдоси ва логистика соҳаларида ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд. Бу йўналишлардаги алоқаларнинг изчил ривожланиши нафақат иқтисодий манфаатларга, балки ҳудудлар ўртасидаги амалий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, сўнгги икки йилда вилоятда Қозоғистон капитали иштирокида 11 та корхона рўйхатдан ўтгани, уларнинг 8 таси айни пайтда фаолият юритаётгани ҳам ҳамкорликнинг амалий натижаларидан далолат беради.
2026 йил 23-24 июнь кунлари Ақтау шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасида 2026–2028 йилларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича Англашув меморандуми имзолангани ҳам учрашувда алоҳида таъкидланди.

Ҳудудлараро ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати саноат кооперацияси билан боғлиқ. Жиззах вилоятининг “ADM Component” корхонаси иштирокида Қўстанай вилоятида “KIA” ва “JAC” автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Экспорт йўналишида ҳам салмоқли қадамлар ташланмоқда. Жорий йил 23 июль куни “Зарбдор текстиль” корхонаси Астана шаҳрида Савдо уйини очгани ҳамда Қозоғистонга 10 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганлиги бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Учрашувда саноат ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, савдо ва логистика, ҳудудлараро ҳамкорлик, туризм ва маданият соҳаларида янги ташаббусларни илгари суриш бўйича таклифлар билдирилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири