Ҳамкорликни ривожлантириш йўлида
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташкил этилганига 93 йил тўлиши муносабати билан жаҳон мамлакатларида “Орзу қиламиз ва амалга оширамиз” шиори остида тантаналар бўлиб ўтди. Шундай тадбир Тошкентда ҳам ўтказилди.
Ушбу араб мамлакатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий таъкидлаганидек, бундан 120 йил олдин 26 ёшга тўлмаган ёш йигит 60 жангчига бош бўлган ҳолда Арабистон ярим оролидаги саҳро қўйнидан чиқди.
Ўша пайт Арабистон ярим оролида қабилалар ўртасида низо кучайиб, кучли заифни эзаётган, озгина сув ва ўт-ўлан учун ўзаро уруш кечаётган замон эди. 1902 йил 15 январда бир ёш йигит ота-боболари истиқомат қилган “Масмак” қасрини эгаллади ва 30 йил ичида тарқоқ шаҳар ва қишлоқларни бирлаштирди. 1932 йил 23 сентябрда Саудия Арабистони Подшоҳлиги номи остида учинчи Саудия давлати барпо бўлгани эълон қилинди. Ўша йигит – мамлакат асосчиси марҳум Подшоҳ Абдулазиз бин Абдураҳмон Ол Сауд 21 йил мобайнида давлатни бошқарди.
– Янги қурилган давлат Арабистон ярим оролидаги қақраб ётган саҳро, камбағал шаҳар ва қишлоқларда оддий, ҳаётий заруратни муҳайё қилди, орзуларни амалга оширди ва катта йигирмаликка кирувчи дунёнинг кучли иқтисодга эга давлатларидан бирига айланди, – деди Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий. – Бу юрт ишбилармонлик лойиҳаларида етакчига айланиб, фарзандларини коинотга йўллади. 2030 йил пойтахтда халқаро ЭКСПО кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳануз орзуларимиз кўп ва Аллоҳнинг инояти билан, раҳбарларнинг фарзандлар камолига алоҳида эътибори асосида амалга оширамиз.
Элчи қайд қилишича, “Ҳаётий жамият, ривожланган иқтисодиёт ва олға интилаётган Ватан каби уч асос – етакчи инвестиция кучи, лойиҳаларни амалга ошириш ва дунё қитъаларини бирлаштиришга таянадиган кенг қамровли “2030 йилга нигоҳ” стратегияси илгари сурилди”. Шу асос – дастур ва режалар орқали айни стратегия амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда стратегия ютуқлари кўўга ташлана бошланди.
Стратегиянинг асосий жиҳатлари – халқаро компанияларни кучайтириш, халқаро мавқени ошириш, инвестиция кучини барпо этиш, мустаҳкам иқтисодий асос яратиш, коррупцияга қарши кураш, ижодий ва инновацион стратегия бунёд қилиш.
Муҳими, кўзда тутилган лойиҳалар муваффақиятли амалга оширила бошланди. Масалан, келажак шаҳри бўлган Ниюм бунёд этилмоқда. Бу ғоя қатор лойиҳаларни қамраб олади: жумладан, “За лайн” шаҳри 170 километрга чўзилади ва 500 метр баландликда жойлашади. Бунда ернинг табиийлиги 95 фоиз сақлаб қолинади, автомобил йўли, углерод чиқиндиси бўлмайди. Бундай шаҳарда кундалик эҳтиёжни пиёда юрган ҳолда, кўпи билан 5 дақиқада адо этиш мумкин. Шаҳарнинг икки энг узоқ нуқтаси ораси 20 дақиқада босиб ўтилади. Шаҳар 100 фоиз тикланувчи энергия билан таъминланади.
“2030 йилга нигоҳ” стратегиясининг яна бир йирик лойиҳаси, 2017 йил 31 июлда эълон қилинган “Қизил денгиз” тўлиқ амалга ошгач, ялпи миллий маҳсулот 4 миллиард доллар, яъни 15 миллиард риёлга етади ва 35 минг янги иш жойи яратилади. Ҳудуддаги Жидда шаҳридан 500 километр шимолда жойлашган ўнлаб оролларнинг 22 тасидан фойдаланилади. Лойиҳа 8000 ўринга эга 50 меҳмонхона ва бошқа жойлашув иншоотлари, 1300 уй-жой, яхта тўхтайдиган жой, гольф майдони, кўнгил очар мажмуалар, ички ва ташқи рейсларни қабул қиладиган ва соатига 900 йўловчига хизмат қиладиган аэропортни қамраб олади.
Иқтисодий, сармоявий, ижтимоий режа ва дастурлар амалга оширилиши билан бирга мамлакатнинг халқаро майдон ва минтақадаги сиёсий ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар ҳам жадал олиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши доирасида Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик мулоқотнинг биринчи саммити ўтказилди. Анжуман иштирокчиларини муштарак мерос ва манфаат, чуқур тарихий ришта бирлаштиради. Мамлакатлар раҳбарлари бир овоздан икки ва кўп томонлама сиёсий ва стратегик алоқани мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарорлик йўлида сиёсий мувофиқлаштириш аҳамиятини таъкидладилар. Шунингдек транспорт-коммуникация, озиқ-овқат, энергетика ва сув хавфсизлигини кафолатлаш, “яшил”, тикланувчи энергетика манбалари ва технологияларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш, савдо алоқалари учун шароит яратиш, инвестиция имкониятини қўллаб-қувватлаш, савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари кўтарилди.
“Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари 2025 йил Самарқандда иккинчи саммитни ўтказишга келишиб олдилар”, деди жаноб Ал-Утайбий.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги 1991 йил 30 декабрда биринчилар қатори расман Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эътироф этган. 1992 йил февралда марҳум шаҳзода – ташқи ишлар вазири Сауд Ал-Файсалнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўзаро дипломатик алоқа ўрнатиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланган. 1992 йил ноябрда Жидда шаҳрида Ўзбекистон Республикаси консулхонаси очилди, 1995 йил майда пойтахт Риёзда Элчихона очилди. 1997 йил мартда Тошкентда Подшоҳлик Элчихонаси фаолият бошлади.
Икки қардош мамлакат – Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги бугунги алоқалар иккала давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасидаги интилишини яққол акс эттиради. Подшоҳликнинг “2030 йилга нигоҳ” стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамоҳанг.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 августда Подшоҳликка амалга оширган тарихий ташрифи ва Валиаҳд шаҳзода, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ҳазрати Олийлари билан ўтказган музокаралари икки ёқлама алоқа тарихидаги ҳамкорликни юқори даражага кўтарди. Ташриф мобайнида кўплаб ҳукуматлараро ҳужжатлар, хусусий сектор вакиллари ўртасида битимлар имзоланди.
Ўзаро алоқаларда Саудия – Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси муҳим ўрин тутади. Ҳозир қўшма комиссия мулоқотининг 6-даврасига тайёргарлик кўриляпти.
Бундан ташқари, ўзаро савдо айирбошлаш ва инвестиция ҳажми ошишига ҳисса қўшаётган Саудия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Ўзаро алоқалар ривожида Саудия тараққиёт жамғармаси муҳим ўрин эгаллайди. Жамғарма Ўзбекистонга тақдим этган имтиёзли кредит ҳажми 300 миллион доллардан ошди. Тоза ва тикланадиган энергетика соҳасида фаолият кўрсатадиган “АCWA Power” ширкатининг Ўзбекистонга йўллаган инвестицияси ҳажмини 15 миллиард долларга етказилиши кутилмоқда. Мазкур корхона мамлакатимизда энергетика соҳаси инфраструктурасини янгилашга улкан ҳисса қўшмоқда.
Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик маркази Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда турли йўналишларда ташаббус ва дастурлар тақдим этмоқда.
Икки мамлакат олий ўқув юртлари ҳам амалий шерикликни тобора кенгайтирмоқда. Подшоҳ Салмон номидаги араб тилини ўқитиш академияси дастури амалга оширилмоқда. Бугунги кунда бакалавр босқичида ўқишни истаган киши “Саудия Арабистонида таҳсил ол” платформасига кириши ва таълим олиш учун хоҳлаган йўналишини танлаши мумкин. Бошқа қатор соҳаларда ҳам икки ёқлама ҳамкорлик бўйича сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов,
ЎзА