“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони фидойи юртдошларга тантанали топширилди
Мамлакатимиздаги тинч ва осуда, меҳр-оқибат ҳамда мурувватга асосланган муҳит замирида миллатлараро ҳамжиҳатлик, умуммиллий бирдамлик ва дўстликка таянган узоқни кўзловчи одилона сиёсат мужассам. Бу эзгу муҳитни шакллантириш ва мустаҳкамлашда юртимиз тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилаётган турли соҳа вакилларининг ҳиссаси беқиёс.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ана шундай фидойи юртдошларимизнинг катта гуруҳига “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев давлатимиз раҳбарининг 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги “Дўстлик” фестивалига янада баланд руҳ ва байрамона кайфият бағишлаганини таъкидлади.
Табрикда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ғоят ноёб ижтимоий ҳодиса ҳисобланган бундай миллий-маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси миллати, тили ва динидан қатъи назар эркин ва фаровон яшайдиган инсонпарвар давлат сифатидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-30645]
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда конфессиялараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлашдан иборат. Турли миллат ва элат вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида эмин-эркин ҳаёт кечираётгани мамлакатимизда олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг амалий самараси.
Сўнгги бир неча йилдан буён миллатлараро тотувлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган фуқаролар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.
Эътиборлиси, мазкур кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, чет элдаги ватандошлар тақдирланмоқда.
Жорий йилда ҳам 67 нафар юртдошимиз ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Нигора Раҳмонованинг ҳам борлиги қувонарли.
Тадбирда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадр-қимматини юксалтириш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА мухбирлари