“Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди”
Пахтачилик ҳамиша мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб келган. Шу боис уни ёғин–сочинли кунларга қолдирмай териб–йиғиб олишга барча даврларда ҳам муҳим масала сифатида қаралган. Бироқ бу соҳанинг бир оғриқли тарафи, яқин йилларгача йиғим–теримга ҳали суяги қотмаган мактаб ўқувчилари-ю, орзулар оғушидаги талабалар, ўқитувчи ва шифокорлар, шаҳарлардаги ишчи – хизматчилару хотин–қизлар сафарбар этилгани, улар ўқиши, кундалик иши қолиб, ҳар йили 3-4 ой пахта терими билан банд бўлгани ҳаттоки хорижий давлатларда ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Бугун жамиятимиз янгиланишларга юз тутди. Ҳаётга қараш, меҳнатга муносабат тубдан ўзгарди. Яқин йилларда ҳам миллат бурчи сифатида қаралиб, куз фаслини пахта даласида ўтказган мактаб ўқувчилари, талаба–ёшлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли соҳалар ишчи – хизматчиларию хотин–қизлар учун эндиликда пахта йиғим–терими ўтмишга айланди. Бепоён далаларда қор кечиб, кўрак терилган совуқ кунлар ёдга тушса дилни хира қиладиган хотира бўлиб қолди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ 78-Бош ассамблеясидаги нутқида “Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди”, дея алоҳида таъкидлангани қўл-оёғи совуқдан кўкариб, изғиринли кунларда кўрак терган юртдошларимизнинг аянчли хотираларини бир зум қайта тиклади. Мажбурий меҳнатдан холи Ватанда эмин-эркин яшаётганидан, пахта етиштириш ва йиғиб олиш энди барчанинг эмас, фақатгина деҳқоннинг кундалик юмушига айланганидан шукроналик туйғуси юксалди.
Зеро, биз шўролар даврида пахта пайкалларига оралаб, ғўзани ягона қилганимиз, бегона ўт-ўланлардан тозалаганимиз ва ниҳоят йиғиб-териб олишга жалб этилганимизда орзулари бир олам мурғаккина бола эдик. Кузги дефолиация баҳонасида устимиздан заҳарли дори сепган “АН” самолётларини ҳайрат билан далада кузатган ўқувчи эдик. Ғўза баргларини бир пасда қовжиратиб ташлайдиган ана шу доридан нафас олиб, пахта терган беғубор ўғил-қизлар эдик.

Мустақилликнинг ўтган чорак асрида ҳам миллий удум – ҳашар сифатида қаралган пахта қуллигига қуллуқ қилиб яшашдан буткул озод бўлишимизга бугун ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси, халқчил сиёсати ва узоқни кўзлаган оқилона ислоҳотлари билан ҳашар тагига яширинган мажбурий меҳнатга чек қўйилди.
– Пахта етиштиришда эркинлик берилгани бу кутилмаган катта жасорат бўлди, – дейди сурхондарёлик меҳнат фахрийси Тожи Бердиев. – Аввалги даврда йиғим–теримга ҳашарчини жалб этиб, ўзимизни алдаб келдик. Хомашё сифати, салмоғи учун эмас, рақам учун ишладик. Ёғингарчиликда ҳам пахта пайкалларини оралаб, фарзандларимизни, ўзимизни қийнадик. Мажбурий меҳнат эвазига терилган пахтамизга дунё “байкот” эълон қилиб, қадрини, нархини ерга урди. Иқтисодий наф ололмадик. Бу ишимизнинг бир кун бошимизга бало бўлишини чуқур таҳлил қилган Президентимиз пахта йиғим-теримини тартибга келтириб берганларидан қувончимиз чексиз.

Халқимиз орзулари ушалиб, пахта қуллиги– бир асрлик азоб-уқубат, бир асрлик ғам-ғурбат ортда қолганидан, фарзандларни мажбурлаб далага олиб чиқиш чекингани, мажбурий меҳнат барҳам топганидан фахр ҳиссини туйиб яшамоқда. Чунки, мамлакатимизда пахтанинг ўз эгаси бор. Бу юмуш билан кластер ва фермерлар шуғулланмоқда. Пахта майдонлари оптималлаштирилиб, ҳосилдорлик нисбатан паст далаларда турли озиқ-овқат экинларини етиштириш йўлга қўйилган. Мавсумга ҳашарчилар ҳам жалб этилмаяпти. Чигитни экиб, кўкартирган, уни парваришлаб, ҳосил тўплаган пахтакорнинг ўзи териб-йиғиб олмоқда. Бунинг учун меҳнатига яраша ҳақ тўланади-да. Бунга Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳам яққол далилдир.
Бундан олти йил муқаддам жанубдаги воҳада 110 минг гектар майдонда пахта етиштирилган бўлса, жорий йилда 72 минг 270 гектар майдонда ғўзанинг “Бухоро-102”, “Бухоро-108”, “Бухоро-110”, “Наманган-77”, “Султон” каби эртапишар ва “Термиз-202”, “СП-1607”, “СТ-1651” сингари ингичка толали ғўза навлари парваришланиб, мўл ҳосил тўпланди. Бунинг учун воҳадаги 12 та пахтачилик-тўқимачилик кластери 2 минг 96 фермер хўжалиги билан шартнома тузган. Шунга кўра, кластер фермернинг чигитни экишидан токи ҳосилни йиғиб олгунича зарур шароитни яратиб бермоқда. Фермер барча дала юмушларини сифатли бажариб, салмоқли ҳосил тўплашга интилмоқда. Чунки, пахтакор бажарган иши ва кунлик терган ҳосилидан, фермер топширган хомашёси, кластер қайта ишлаган толасию, ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотидан манфаатдор. Ваҳоланки, бундан олти йил аввал хомашё етиштиришда фермерга бугунгидек эркинлик йўқ, дала юмушларига аралашувлар ҳаддан зиёд кўп эди. Иккинчидан, воҳада етиштирилган пахтанинг қарийб 20 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланган бўлса, ҳозир юз фоиз хомашё вилоятнинг ўзида қайта ишланаётир.

– Аслида пахта теримига оммавий сафарбарлик бу – ўтган тузумнинг сарқити, – дейди Ангор туманидаги “Саидносирхон” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Исохон Баҳромов. – Мустақил иш бошлаб, фермер хўжалиги ташкил этганимда бу масалада раҳбарлар билан кўп тортишганман. Бизга ёрдамчи керак эмас, теримчиларимиз етарли, ўзимиз териб-йиғиб оламиз, десак ҳам мажбуран даламизга ҳашарчиларни киритишган. Уларнинг бизга берган ёрдами ҳосилни чала-чулпа териб, далаларимизни пайҳон қилиб кетишган. Мана, энди пахтачиликда ҳам тизим яратилди. Кластер билан шартнома тузамиз. Унда буюртмачининг ҳам, бажарувчининг ҳам мажбуриятлари белгиланган. Ишчиларимиз билан хўжалигимизга юклатилган вазифаларни бажарамиз. Чигитни ўзимиз экамиз. Ўзимиз парваришлаб, ҳосил тўплаймиз. Хомашёни ҳам ҳашарчиларсиз ўзимиз териб-йиғиб оламиз. Режамизни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай бажарамиз. Энг муҳими, деҳқоннинг ишига тепадан аралашувга чек қўйилгани фермернинг косасини оқартирмоқда. Пахтакор эмин-эркин меҳнат қилмоқда. Ахир, бундай эътибордан қувонмай, фахрланмай бўладими?

Вилоятда пахта хомашёсини териб-йиғиб олишда отряд тизими жорий этилгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, бу йил мавсум олдидан воҳада 1 минг 529 та терим отряди ташкил этилиб, уларга 167 минг теримчи бириктирилди. Теримчилар сафида бирорта ўқувчи, талаба, ўқитувчи ёки бошқа соҳа ходими йўқ. Шунингдек, 1 минг 180 та ташув трактори, 1 минг 983 та тиркама, 347 минг дона этак, 1 минг 972 дона тарози, 29 та пахта тайёрлаш маскани тахт қилинди. Терим иштирокчиларини бепул иссиқ овқат билан таъминлаш учун 1 минг 878 та қозон-ўчоқ, самовар, 2 минг 146 та сув сақлаш идиши жамланди. Теримчиларга турли хизматлар кўрсатиш белгилаб олинди.
Маълумотларга кўра, шу кунларда вилоятда кунига 150 мингдан ортиқ теримчи далага чиқиб, ўртача 8-10 минг тонна ҳосилни териб-йиғиб олмоқда. Олтинсой, Термиз, Қизириқ туманлари деҳқонлари режани биринчи теримнинг ўзидаёқ ортиғи билан уддалади. Воҳадаги 800 га яқин фермер хўжалиги шартномавий режасини бажарди. Теримчилар иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Ҳар беш кунда терим пули тарқатилаётир. Энг илғор теримчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланмоқда.

– Суягимиз пахта даласида қотган, – дейди деновлик Момогул Маматқулова. – Ҳар йили теримга чиқамиз. Кейинги йилларда пахтага ҳам яхши ҳақ тўланмоқда. Бу қизиқишимизни оширди. Мана ўзим шу кунларда 200 килодан зиёд пахта теряпман. Ўтган беш кунликда 1 миллион 507 минг сўм иш ҳақи олдим. Бу оилавий бюджетимизга қўшимча даромад бўлмоқда. Бир неча йилдан буён ҳосилни ҳашарчиларсиз ҳам ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, териб-йиғиб топширяпмиз.
Яқинда йўлимиз тушиб, йиллик режасини бажарган Қизириқ туманида бўлдик. Бу туманда ўқувчилик йилларимиз уч ойлаб дала шийпонларида ётиб пахта терганмиз. Қорли-қировли кунларни шу туманнинг пахта далаларида ўтказганмиз. Кун тушга яқинлашган. Йўл-йўлакай оппоқ товланиб турган далаларга боқиб, болалигимни эслайман. Майин куз шабадаси эсиб турган далада на ўқувчи, на талаба бор. Шу тобда йўл бўйидаги пахта даласига яқин мактабда қўнғироқ чалинади. Таълим муассасасидан озгина узоқлашишимиз билан танаффусга чиққан бахтиёр ўқувчиларнинг шодон кулгуси эшитилади. Енгил машинани йўл бўйида тўхтатиб, олисдан бўлса-да, бир зум уларни кузатаман. Беихтиёр хаёлга чўмаман. Биз куз фаслини ҳов бепоён далалар қўйнида устозлардан гоҳ танбеҳ, гоҳо раҳмат эшитиб ўтказган кунларни, кунлик режани бажариш учун кўрак терган дамларни эслайман. Сизларга чиндан ҳам ҳавасимиз келади, Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр фарзандлари. Илоҳим бахтларингиз бутун, толеингиз баланд бўлаверсин, болажонлар! Ишонинг, энди сизлардан ҳеч ким зинҳор пахта теришни талаб қилмайди. Аксинча, кўпроқ ўқиб, изланиб, Ватанга муносиб фарзанд бўлишни сўрайди.
Дарвоқе, куни кеча Сурхондарё вилояти пахтакорлари пахта тайёрлаш бўйича шартнома режасини мамлакатимизда биринчи бўлиб бажарди. Илк бор вилоят пахтакорлари йиғим-терим бошлангандан сўнг ўттиз кун ичида шартнома режасини уддалашга муваффақ бўлди.
Бу Юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самараларини кўрсата бошлаганининг ёрқин ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири