Халқаро Турон федерацияси вакиллари АҚШдаги нуфузли саммитда иштирок этди
Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Asian American & Pacific Islander (AAPI) Leaders Summit 2026 доирасида Ўзбекистоннинг миллий спорт тури — Турон халқаро майдонда яна бир бор намоён этилди.
Мазкур нуфузли саммитда Халқаро Турон федерацияси раҳбарияти – федерация президенти Фаррух Ниязимбетов ҳамда бош котиб Равшанбек Алматов иштирок этиб, Турон спортини глобал миқёсда ривожлантириш йўналишида қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
Саммит АҚШ сиёсий доиралари, сенаторлар, конгресс аъзолари, ҳамда жамоатчилик етакчиларини бирлаштирган муҳим платформа бўлиб, унда халқаро ҳамкорлик, маданий алмашинув ва ёшлар сиёсати каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Саммит доирасида АҚШ Сенатининг вакили, Нью-Йорк штатидан сенатор Кристен Элизабет Гиллибранд билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Интернатионал Турон Федератион томонидан сенаторга махсус эсдалик совғаси топширилди.

Мазкур совға Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва миллий спорт анъаналарини акс эттирувчи рамзий аҳамиятга эга бўлиб, Турон спортининг халқаро майдондаги ўсиб бораётган нуфузини ифодалайди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Турон спорти халқаро миқёсда жадал ривожланмоқда. Халқаро Турон федерацияси томонидан турли давлатларда федерациялар ташкил этилиб, спорт орқали маданий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, 2026 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Турон бўйича Жаҳон кубоги ушбу жараённинг муҳим босқичи бўлиши кутилмоқда.
AAPI) Leaders Summit доирасида ўтказилган учрашувлар Турон спортини АҚШ ва бошқа давлатларда ривожлантириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро спорт дипломатиясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мутахассислар фикрича, бу каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг спорт салоҳияти ва миллий қадриятларини дунё миқёсида кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.

ЎзА