Халқаро тажриба иш самарадорлигини оширади
Ўзбекистонлик мутахассислар Жанубий Кореяда сув тозалашнинг замонавий технологияларини ўрганмоқда.
Илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва унинг ижобий жиҳатларини миллий амалиётга татбиқ этиш ҳар қандай соҳани ривожлантириш ва юксак натижаларга эришишда муҳим омил ҳисобланади. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ушбу соҳа ҳар жиҳатдан ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганилмоқда. Мақсад соҳани жадал ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни замонавий технологиялар ҳамда ёндашувлар асосида бартараф этишдир.
Хусусан, Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Жанубий Кореянинг “K-water” академиясида ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар учун ўқув курслари ўтказилмоқда.

“Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари, тегишли олий таълим муассасаларининг 19 нафар вакили учун ташкил этилган бу галги ўқув курслари “Сувни тозалаш жараёни ва сув сифати” мавзусига бағишланди. Ўқув курслари иштирокчиларга сув тозалашнинг замонавий технологиялари ҳамда сув тозалаш иншоотларининг фаолияти билан яқиндан танишиш орқали янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини беради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА