Халқаро танлов ғолиблари тақдирланди
Тошкент давлат Шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций институтида “Хитой тили кўприги-2026” халқаро танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Ипак йўли бизни боғлайди – Мен ва Хитой” қисқа метражли видео лавҳалар танлови ғолиблари эътироф этилиб, элчихона стипендиялари ҳам топширилган тадбирда хитой тилини ўрганаётган иқтидорли талабалар, профессор-ўқитувчилар, ХХРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ходимлари, Хитой маданият маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар икки давлат ўртасидаги тарихий алоқалар йил сайин ривожланаётгани, айниқса таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганини қайд қилдилар.
Маълумки, сўнгги йилларда ёшларимиз орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш кучайган. Шу билан бирга хитойлик талабалар ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта иштиёқ билдираётгани қувонарли.

“Хитой тили кўприги-2026” халқаро танлови Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ТДШУ ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузуридаги Конфуций институтлари ҳамда Хитой маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танловнинг дастлабки босқичларида республика бўйича 67 талаба иштирок этди. Саралаш ва ярим финал якунига кўра, мамлакатимизнинг 7 етакчи олий таълим муассасасидан 15 нафар энг иқтидорли талаба сараланди. Эътиборлиси, энг юқори натижа қайд этган 6 нафар талабанинг барчаси ЎзДЖТУ талабаларидир.

Айниқса, Гран-при соҳибаси Нафиса Ҳамидуллаева монолог, савол-жавоб ҳамда ижодий чиқишдан иборат 3 босқичли шартлар якунига кўра, чуқур билими, хитой тилидаги равон нутқи ва ижодкорлиги билан ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди. У ХХРда бўлиб ўтадиган навбатдаги Жаҳон “Хитой тили кўприги-2026” танловида Ўзбекистон номидан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Талабалар гуруҳи бўйича кейинги ўринларни Шаҳризода Ҳамроева, Азизабону Ибодуллаева, Дўстмуҳамад Бахтиёров ва Моҳинур Ғолибжонова эгаллади.

Тадбир давомида ғолиб ва совриндорларга диплом, эсдалик совғалари ҳамда элчихонанинг махсус стипендиялари топширилди. Шунингдек, “Ипак йўли бизни боғлайди – Мен ва Хитой” видео лавҳалар танлови ғолиблари ҳам эътироф этилди.
Бундай лойиҳалар ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқишни ошириши, икки халқ маданий алоқаларини мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Гўзал Сатторова, ЎзА