Халқаро ўзбек тили олимпиадаси – хориждаги ёшлар учун янги имконият
Дунё миқёсида миллий тилларга бўлган қизиқиш ортиб бораётган бир пайтда ўзбек тилини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга қаратилган яна бир муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Энди хорижда яшовчи ёшлар Алишер Навоий номи билан аталган халқаро ўзбек тили олимпиадаси орқали ўз билим ва иқтидорини намоён этиш имкониятига эга бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги тегишли қарори билан “Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур халқаро олимпиаданинг асосий мақсади — хорижий давлатларда ўзбек тили ёки хорижий тилларда таълим олаётган мактаб ўқувчилари ўртасида ўзбек тилини ўрганишни кенг тарғиб қилиш, уларнинг тилни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишини оширишдан иборат.
Низомга кўра, халқаро олимпиадада 14–18 ёшдаги чет элда истиқомат қилувчи ватандош мактаб ўқувчилари якка ёки жамоавий тарзда ихтиёрий иштирок этади. Олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар икки босқичда — тест топшириқлари ва ёзма иш шаклида ўтказилади. Иштирокчилар танловда онлайн ёки офлайн шаклда қатнашиши мумкин.
Энг муҳими, халқаро олимпиада ғолиблари республика олий таълим муассасаларининг “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишларига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Мазкур олимпиада нафақат ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширади, балки хориждаги ёш авлоднинг миллий қадриятлар, адабиёт ва маънавиятга бўлган қизиқишини ҳам мустаҳкамлайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА