Халқаро оғир атлетика федерацияси президентига Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий фуқароси” мақоми берилди
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд ал-Шаммари ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ал-Мана билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда оғир атлетикани ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик спортчиларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани соҳадаги ислоҳотларнинг амалий самараси экани таъкидланди.

Халқаро оғир атлетика федерациясининг спортни глобал миқёсда ривожлантириш, ҳалол рақобат тамойилларини мустаҳкамлаш, допингга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги фаолияти юқори баҳоланди.
Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияларининг Ўзбекистон билан йўлга қўйган самарали ҳамкорлиги, мамлакатимизда халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этишга қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Мулоқот чоғида шу йилнинг 7–14 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу нуфузли тадбирлар ёшларни спортга жалб этиш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, мамлакатимизда йирик мусобақаларни ўтказиш ва оғир атлетикани кенг оммалаштириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида Муҳаммад Жалуд ал-Шаммарига Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий фуқароси” мақоми берилгани тўғрисидаги гувоҳномани тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Т. Рўзиев, ЎзА