Халқаро мусобақаларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди
Жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида пойтахтимиз Тошкентда бадиий гимнастика, таэквондо WТ ва велоспорт бўйича бир қатор нуфузли халқаро мусобақалар ўтказилиши белгиланган.
Хусусан, 4-6 апрель кунлари бадиий гимнастика бўйича “Ёрқин юлдузча” халқаро турнири, 7–13 апрелда жаҳон кубоги босқичи, 12-17 апрель кунлари таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 28-29 апрель кунлари Тошкент вилоятида вело шоссе бўйича “Tour of Bostonliq” ва “Tour of Bostonliq Ladies” ҳамда 6-7 май кунлари велоспортнинг трек йўналишида “Grand Prix Tashkent” халқаро турнирларига Тошкент мезбонлик қилиши белгиланган.

Куни кеча спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, тегишли ташкилотларнинг мутасадди ва мутахассислари иштирокида мазкур мусобақаларга тайёргарлик ишларига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Муҳокамалар давомида мазкур халқаро мусобақалар ватанимизнинг халқаро майдондаги спорт имижини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шу жиҳатдан, юртимизга келадиган чет эллик спортчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, чемпионатлар ўтадиган спорт мажмуаларини тайёрлаш, меҳмонхоналар ва машғулот майдонларининг шарт-шароитларини кўриб чиқиш, иштирокчиларнинг хавфсизлиги, ишчи гуруҳларнинг тизимли тарзда иш олиб боришини таъминлаш масалалари юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, мусобақаларга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоаларининг муносиб иштирок этишида мураббий ва спортчиларнинг масъулиятини ошириш, машғулот жараёнларига эътибор қаратиш борасида тавсиялар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА