Халқаро лойиҳа: ҳамкорлик давом этади
Андижонда “Марказий Осиёда олий таълимни янги таълим технологиялари орқали модернизация қилиш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида анжуман очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Насибилло Мўминов сўз олиб, иштирокчиларга вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди. Кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнларини халқаро стандартлар талаблари даражасига кўтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, вилоятдаги олий таълим муассасалари хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик кўламини тобора кенгайтириб бораётганлигини таъкидлади.
Конференцияда Андижон машинасозлик институти ректори Умид Турдиалиев хорижлик меҳмонларга олийгоҳ ҳақида маълумот берди. Болгариянинг Русе университети ректори, академик Хрусто Белоев сўз олиб, халқаро лойиҳа доирасида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди, бир гуруҳ иштирокчиларга университетнинг махсус эсдалик совғаларини топширди.
Академик Хрусто Белоевга Андижон машинасозлик институтининг фахрий профессори унвони берилди. Шундан сўнг анжуман иштирокчилари учун “Андижон полькаси” рақсининг юз йиллигига бағишланган бадиий дастур намойиш этилди.
Анжуманнинг асосий тадбирлари Андижон машинасозлик институтида давом этди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, бу борада педагог кадрларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ривожлантириб бориш учун қўшимча шароитлар яратиш сингари қатор устувор вазифалар белгиланган. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш борасида Андижон машинасозлик институти “Марказий Осиёда олий таълимни янги технологиялар орқали модернизация қилиш (HiEdTech)” лойиҳасида қатнашмоқда.
[gallery-9122]
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Erasmus+ дастури асосида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда олий таълимни янги технологиялар орқали модернизация қилиш (HiEdTech)” лойиҳаси якуний босқичи доирасида ташкил этилган халқаро конференцияда Италия, Болгария, Люксембург, Нидерландия, Португалия сингари Европа давлатлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикаларидан жами 20 та олий таълим муассасалари ректорлари, вакиллари иштирок этди.
– Талабаларнинг масофадан таълим олиш имкониятини кенгайтириш учун олий таълим муассасаларида тегишли ўқув ресурсларини яратиш, профессор-ўқитувчилар томонидан фанлар бўйича тайёрланган ўқув материалларини масофавий таълим платформаларига жойлаштириб бориш, виртуал муҳитда ишлашни яхшилаш учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари” курсларини йўлга қўйиш, рақамли технологияларни ривожлантириш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади, – дейди Андижон машинасозлик институти биринчи проректори Акмалжон Эрматов. – Бундан ташқари, мазкур йўналишда мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Андижон машинасозлик институтида ўтказилган семинар ва машғулотларда Марказий Осиё давлатларидаги лойиҳа иштирокчилари бўлган олий таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хорижлик мутахассислар томонидан мавзу доирасида маърузалар ўқилди, маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги қатор олий таълим муассасалари ўз тақдимотларини ўтказди.
– Лойиҳа доирасида Марказий Осиёдаги лойиҳа иштирокчиси бўлган ОТМларда, жумладан, Андижон машинасозлик институтида таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва таълим технологиялари интеграциясини мустаҳкамлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилди, – дейди лойиҳа координатори, Русе университети профессори Ангел Смрикаров. – Лойиҳа якунлансада мазкур йўналишдаги ишлар бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз. Бу албатта барча иштирокчилар учун фойдалидир.
Якунда лойиҳа иштирокчилари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича меморандумлар имзоланди.
Шундан сўнг хорижлик меҳмонлар Андижон давлат университети, Андижон давлат тиббиёт ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтларида бўлиб, таълим жараёнлари билан танишди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА