Халқаро илмий-амалий конференция
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Мактабгача ва бошланғич таълим факультети мактабгача тарбия ва дефектология кафедраси томонидан “Алоҳида таълимга муҳтож бўлган болаларни ўқитиш ва тарбиялашнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Ундан кўзланган мақсад инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълимга муҳтож болаларга сифатли таълим ва тарбия беришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдир.


Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари, илғор олий таълим муассасалари, илмий марказлари билан бирга Россия Федерацияси А.И.Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети, Москва халқаро мактабгача педагогика академияси, К.Д.Ушинский номидаги Ярославл давлат педагогика университети, Қозоғистон Республикаси Абай номидаги Қозоқ миллий педагогика университетидан профессор-ўқитувчилар, олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.

Конференцияда инклюзив таълимни жорий этишнинг долзарб масалалари, махсус педагогика ва дефектология соҳасидаги замонавий ёндашувлар, рақамли технологияларнинг таълим жараёнига интеграцияси, шунингдек, психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Тадбир якунида конференция резолюцияси қабул қилиниб, унда алоҳида таълимга муҳтож болалар учун ўқитиш сифатини ошириш, уларнинг ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш, педагог кадрлар малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантиришга йўналтирилган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.