Халқаро ҳамкорлик янада такомиллашади
Япониянинг “Sumitomo Corporation” компаниялар гуруҳи вакиллари уран ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳамкорлик истиқболлари ва имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда фикр алмашиш мақсадида “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюрди.
“Sumitomo Corporation” компанияси Япониянинг энг йирик улгуржи савдо ташкилотларидан бири бўлиб, 1919 йилда ташкил этилган ва бир асрдан зиёд вақт давомида савдо ва инвестиция соҳасида фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда жаҳоннинг 66 мамлакатида 130 дан ортиқ ваколатхоналарига эга бўлган компанияда 79 минг нафардан зиёд киши ишламоқда. Умумий фаолиятининг қарийб 30 фоизини кончилик, энергия ишлаб чиқариш, кимё ва электроника маҳсулотлари ташкил қилади.

“Навоийуран” ДК Ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Компания Тошкент офиси бошлиғи Ито Акира тоғ-кон саноати ва уран ишлаб чиқариш соҳасига оид йўналишлари бўйича тўхталиб, ўз хизматларини таклиф қилди.
“Навоийуран” давлат корхонаси раҳбари Жаҳонгир Ҳасанов “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ҳақида маълумот берар экан, сўнгги йилларда цехда модернизация ишлари олиб борилиши натижасида маҳсулот ҳажмини йилига 550 минг тоннага етказиш имконияти яратилгани, 2017 йилда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган 5 МВт қувватга эга Ҳиндистон технологияси асосида буғ турбинаси ўрнатилиши натижасида цехнинг электр энергиясига бўлган талаби ўзи томонидан тўлиқ қопланаётганини айтиб ўтди.


Мулоқотлар сўнгида “Навоийуран” ДК раҳбарияти меҳмонларнинг таклифларини ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда яна учрашиш бўйича келишиб олинди. Шу куни япониялик мутахассислар “Зафаробод” кон бошқармасига қарашли 2-Геотехнологик конининг 13-локал сорбцион қурилмаси фаолияти ва табиий уран қазиб олиш жараёнлари билан таништирилди.


А.Бўриев, ЎзА