Халқаро форум иштирокчилари «Беш ташаббус олимпиадаси» очилиш маросимида қатнашди
Тошкент архитектура-қурилиш университетида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этилаётган оммавий спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Шунингдек, мамлакатимиз мезбонлик қилаётган I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми иштирокчилари — Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдер ҳамда Осиё университетлар спорти федерацияси (AUSF) раҳбарияти вакиллари қатнашди.


Тантанали маросимда “FISU” президенти Леонз Эдер ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов мусобақаларга рамзий старт бериш тугмасини босди. Шу тариқа олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 2026 йилги «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақаларига расман старт берилди.
Халқаро форум вакилларининг маросимда иштирок этиши талабалар спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва университетлар спорти соҳасида тажриба алмашишга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА