Халқаро фестивалда спорт синовлари ўтказилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Россия Федерацияси Спорт вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган “GTO – Global Test Opportunity” халқаро спорт фестивали доирасида спорт синовлари ўтказилди.
Фестивалда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, Россия Федерацияси Спорт вазири Михаил Дегтярёв тадбир иштирокчиларига ўз табригини йўллади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини оммавий спортга жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

“Соғлом инсон – соғлом миллат” тамойили асосида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Мамлакатимизда аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилган бўлиб, 7 ёшдан 70 ёш ва ундан катта бўлган фуқароларнинг жисмоний имкониятлари баҳоланмоқда. Жараёнларни самарали ташкил этиш мақсадида “ERP-sport” ягона электрон бошқарув платформаси ишга туширилган.
Спорт вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда 1,2 миллион нафар фуқароларимиз спорт синовларини муваффақиятли топширди. Юқори натижа қайд этганлар “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари, махсус спорт кийимлари ва сертификатлар билан тақдирланмоқда.

Халқаро спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб қилиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган фестивалда иштирокчилар олтита ёш тоифасидаги “GTO karuseli” мусобақаси ҳамда “Кун рекорди” форматидаги беллашувларда ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Хусусан, қатнашчилар узунликка сакраш, эгилувчанлик, қўлни букиб-ёзиш, қорин мушаклари учун машқлар, тош кўтариш ва турникда тортилиш бўйича нормативларни бажарди.

Синовлар якунига кўра, юқори натижаларни қайд этган ҳамда фаол иштирок этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ғолиб ва совриндорларга “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари, эсдалик совғалар ҳамда сертификатлар топширилди.
Т. Рўзиев, ЎзА