Халқаро эътирофлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг тасдиғидир
Сенат ялпи мажлисида парламентлараро ҳамкорлик ва парламент дипломатияси ривожланаётгани ҳамда бунинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Яқинда Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Парламентлараро ассамблеяси тадбирларида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. МДҲ маконида 2026 йил “Соғлиқни сақлаш йили” деб эълон қилинган бўлиб, мамлакатимиз жорий йилда мазкур соҳадаги ҳамкорлик кенгашига раислик қилмоқда.

Санкт-Петербургда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамкор давлатлар томонидан юқори баҳоланди. Бу йўналишдаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
– Сербия Республикасига амалга оширилган расмий ташриф доирасида Президент Александр Вучич ҳамда парламент ва ҳукумат раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, - деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – А.Вучичнинг Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга берган юксак баҳоси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди. Сербия Республикаси Халқ мажлиси билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандумининг имзолангани ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.

Белград шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг Аёл парламентарийлар глобал конференциясида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида эришилган натижалар ва илғор тажрибалар ҳақида маълумот берилди. Мазкур йўналишларда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, гендер стереотипларига барҳам беришга қаратилган самарали қонунчилик механизмларини жорий этиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар ва гендер ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланиб, кенг қўллаб-қувватланди.
Женева шаҳрида Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси доирасида ўтказилган тадбирларда ҳам Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро иш берувчилар ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбарияти ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган учрашувларда меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари юксак эътироф этилди. Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш, янги халқаро конвенцияларни ратификация қилиш ҳамда эксперт-техник ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича келишувларга эришилди. 2026 - 2030 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат дастурини имзолашга келишиб олинди.
“Better Cotton” халқаро ташкилоти ва “Better Work” дастури вакиллари билан халқаро брендлар ҳамда инвесторлар учун мамлакатимиз жозибадорлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт модели бўлиб, мақсад – инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ҳамда очиқ ва прагматик ташқи сиёсат билан жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА