Халқаро бокс кечасида Олимпиада чемпионлари қатнашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида халқаро бокс кечаси ўтказилди.
Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси, вилоят ҳокимлиги ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган турнирда мамлакатимизнинг кучли боксчилари билан бирга, Қозоғистон ҳамда Тожикистондан келган чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун рингга чиқди. Мусобақада сўз олган вилоят ҳокими Акмал Маҳмудалиев Ўзбекистон бошқа соҳалар қаторида спортда ҳам юксак натижаларга эришаётганини қайд этиб, Париж Олимпиадасида 206 давлат орасида умумий медаллар ҳисобида мамлакатимиз 13-ўринни эгаллагани барчага фахр-ифтихор бағишлаганини таъкидлади. Айниқса, боксдаги залворли ютуқлар тарихий воқеа бўлганлигини қайд этди. Барча иштирокчиларга муваффақият ва омад тилади.
[gallery-19297]
Бокс кечасида меҳмон сифатида иштирок этган Олимпиада чемпионлари – Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халоков, Лазизбек Муллажонов, шунингдек, мураббий секундант Акмал Ҳасанов мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди. Мусобақа қизғин баҳслар остида кечди. Айниқса, тожикистонлик Расулбек Аҳадов ва вилоят вакили Рамил Шукумеров ўртасида кечган марказий жанг барчанинг эътиборида бўлди.
Якунда Рамил Шукумеров очколар ҳисобида ғолибликни қўлга киритди. Барча боксчиларга пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, вилоятда ёш ва умидли спортчиларни тарбиялашдаги улкан ҳиссаси учун бир гуруҳ мураббийлар тақдирланди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА