Халқаро бокс ассоциацияси президенти Ереванда сайланади
Халқаро бокс ассоциацияси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, жорий йил 24 сентябрь - 1 октябрь кунлари Арманистон пойтахти Ереванда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA)нинг навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтади.
- Турли мамлакатлар таклифи ўрганиб чиқилгандан сўнг, IBA Бошқарув кенгаши Халқаро бокс ассоциацияси конгрессига мезбонлик қиладиган мамлакат сифатида Арманистонни танлади, - деди IBAнинг амалдаги раҳбари Умар Кремлёв.
- IBA сайлов конгресси ушбу давлатда ўтказилишига бир неча сабаб бор. Ереван шу йил май ойида Европа чемпионатини юқори даражада ташкил этди. Қолаверса, мамлакатда виза режими соддалаштирилган ҳам айни тўхтамга келиш учун омил бўлди.
Жорий йил 14 май куни Истанбулда ўтган IBA конгресси натижасига кўра, россиялик Умар Кремлёв Халқаро бокс ассоциацияси президенти этиб қайта сайланганди.
Халқаро спорт арбитраж суди эса голландиялик яна бир даъвогар Борис ван дер Ферст мурожаати асосида мазкур сайлов қайта ташкил этилиши лозим, деб топди.
Энди Ереванда шу икки рақобатчи IBA президентлиги учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Кремлев 2020 йилдан бери Халқаро бокс ассоциациясини бошқариб келмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА