Халқ таълими вазири саволларга жавоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Умумтаълим мактабларида ватанпарвар авлодни тарбиялаш, янги жорий этилган “Тарбия” фани ўқитилишини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди.
Халқ вакилларининг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистогн Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавоб берди.
Мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мактабларда маънавий-тарбиявий ишлар янгича асосда ташкил этилиб, “Тарбия” фани жорий қилинди. 2020-2021 ўқув йилидан 1-9- синфларда ўқитиш йўлга қўйилди. 10-11-синфларда эса, мазкур фан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
Вазирнинг қайд этишича, бугунги кунда бошланғич таълим тизимида 21 мингдан ортиқ ўқитувчи дарс бермоқда. Мазкур фандан 1-4- синфгача бўлган ўқувчиларга бошланғич синф ўқитувчилари, 5-11-синфларга эса, “Миллий ғоя”, “Тарих”, “Ватан туйғуси”, “Давлат ҳуқуқ асослари” фанларидан даср берган ўқитувчилар дарс бериши белгиланган. Ҳозир чекка ҳудудларда информатика ва инглиз тилидан ўқитувчилар етишмаслиги мумкин, аммо “Тарбия” фани бўйича мутахассислар етарли ва бу борада муаммо йўқ.
Маълумотга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фани 1-9-синфларда ҳафтасига 1 соатдан, ўқув йили давомида эса 34 соат ўқитилади. Шунингдек, ўқитувчилар учун “Тарбия” фани бўйича дарсларни ташкил қилиш юзасидан замонавий ёндашувлар ўрин олган услубий қўлланма ишлаб чиқилди. “Тарбия” фанини ўқитиш технологияси” номли қўлланма нашрга тайёрланди. “Тарбия” фани бўйича ўқув-услубий таъминотнинг ахборот платформасини яратиш мақсадида интернет тармоғининг www.tarbiyam.uz доменида фанга доир маълумотлар ва вазифалар баён этилган ўқитувчига услубий ёрдам кўрсатувчи маълумотлар базаси яратилди.
Бу платформада ўқитувчилар учун “Тарбия” фанининг мақсад-вазифаларини очиб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – фан концепцияси, Давлат таълим стандартлари, ўқув дастури, услубий тавсиялар, тақвим-режалар, фанни ўқитишга доир технологиялар, дарс ишланмалари, қўшимча манбалар жойлаштирилмоқда. Шунингдек, платформада ўқувчилар ва ота-оналар учун махсус рукнлар ҳам мавжуд. “Тарбия” фанининг 1-9-синфларга мўлжалланган дарсликлари яратилиб, ундаги мавзуларга оид 21 та видеороликлар QR-кoд билан киритилди.
“Тарбия” фанининг ўқув дастури ва дарсликларида ватанпарварлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби кўникмаларни шакллантиришга алоҳида урғу берилган. Хусусан, бунда миллий анъаналар, улуғ алломаларнинг хаёт ва йўллари, асарлари, замондош қаҳрамонларнинг фаолияти ибрат сифатида кўрсатилган. Мавзуларни ўқитишда бугун жаҳон миқёсида оммалашган “Лойиҳа асосида ўқитиш”, “Қизиқишлар асосида таълим бериш”, “Арт-фест”, “Намуна кўрсатиш”, “Мисоллар орқали ўқитиш”, “Вазиятларни таҳлил қилиш”каби таълим беришнинг илғор технология ва услублари қўлланилган.
Депутатлар таълим муассасаларида ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бадантарбия машғулотлари ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинишини кундалик турмуш тарзига сингдириш, соғлом ва тўғри овқатланишни тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам савол бердилар.
Қайд этилганидек, халқ таълими тизимидаги 10 минг 8 та умумий ўрта таълим муассасасида 6 миллион 236 минг нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчи-ёшларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайишини назарда тутиб, вазирликда Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шуъбаси ташкил этилган.
Шуъба томонидан умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг соғлом овқатланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш, белгиланган санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, мактаб ошхонасини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва таомлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларининг 7 минг 672 тасида спорт зал, 26 минг 584 тасида турли йўналишдаги спорт майдончалари ва теннис кортлари мавжуд. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида республикадаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган тасвирий санъат, мусиқа, спорт, ахборот технологиялари, қизларга касб ўргатиш йўналишидаги тўгараклар ва китобхонлик клублари ташкил этилиб, уларга жами 3,9 миллион нафар ўқувчи жалб этилган.
Шу билан бирга, таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Моҳинур Қудратуллаева, ЎзА