Халқ таълими тизимида мукофот талашганлар
А.Х. Сурхондарё вилояти Олтинсой туман ХТБга қарашли 37-умумий ўрта таълим мактабининг директори бўлиб ишлаган.
Эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс бўла туриб, ушбу мактаб тарих фани ўқитувчиси З.Қ. билан ўрталарида мукофот пули масаласида юзага келган низо сабабли ундан ўч олишни мақсад қилган.
Аниқланишича, ушбу мактаб туман марказидан олисда, тоғли ҳудудда жойлашган, қишлоқда тарих фани мутахассиси йўқ, шунингдек З.Қ. пенсия ёшига етганлиги сабабли бошқа мактабдан иш ололмаслигини билгани ҳолда келгусида уни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш мақсадида ўзининг 2021 йил 1 июлдаги буйруғи билан З.Қ. билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. 2021 йил 19 август куни Олтинсой туман “Бўстон” маҳалласида жойлашган Олтинсой туман халқ таълими бўлими маъмурий биноси ҳовлисида ишга қайта тикланиши масаласида мурожаат қилган собиқ тарих фани ўқитувчисидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда таъмагарлик йўли билан 300 АҚШ долларини пора тариқасида олиб, қолган 200 АҚШ доллари ва 400.000 сўм пулларни тез кунларда олиб келиб беришни талаб қилган.
З.Қ. оилавий шароити оғирлиги сабабли пенсияга чиққан бўлса-да яшаш уйидан 50 км узоқликдаги тоғли қишлоқда, мактабда 2019 йил февраль ойидан буён тарих фанидан ўқитувчилик қилиб, ўша қишлоқда ижарада яшаб келган. Ўқувчилари туман олимпиадасида ғолибликни қўлга киритгани учун унга мукофот пули чиққанида мактаб директори хонасига чақириб, мукофот пулининг ярмини унга беришни талаб қилганида рози бўлмаганини билдирган.
Шундан сўнг директорнинг унга бўлган муносабати ўзгариб, уни ишдан бўшатишга ҳаракат қила бошлаган. Уни ишдан бўшатиб, бу ҳақдаги буйруқни почта орқали яшаш уйига жўнатган. Оилавий шароити оғирлиги, оиласидаги 23 жон унинг орқасидан кун кечиришини директорга билдириб, қайтариб ўз жойига ишга олишини сўраган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Олтинсой туман бўлими ва туман прокуратураси ходимлари томонидан З.Қ.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда 2021 йил 27 август куни соат 12.40ларда туман “Бодиҳаво” қишлоғида жойлашган 37-умумий ўрта таълим мактаби директори А.Х. ўз хизмат хонасида З.Қ.дан талаб қилган 200 АҚШ доллари ва 400.000 сўм пулларни пора тариқасида олганидан сўнг холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.
З.Қ.нинг ёнида пуллар ва овоз ёзиш ускунаси ҳам бўлгани боис, ушбу таъмагирлик иши фош этилган.
Судланувчи А.Х. суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, жабрланувчи З.Қ. 3 йилдан буён мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келгани, у тоифа атестациясидан ўта олмагани учун уни ишдан бўшатгани, мактабга янги мутахассис келмагани учун уни қайтариб ишга олмоқчи бўлгани, ўша вақтда ҳашар йўли билан қурилаётган мактаб қоровулхонасига акфа эшик ва дераза ромлари қўйишга пул керак бўлгани учун ўқитувчидан 300 АҚШ доллари сўраганини билдирган.
Суд давлат айбловчисининг хулосаси, судланувчининг кўрсатмаси, унинг ҳимоячисининг ҳимоя фикри, гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчи А.Х.нинг айби ўзининг қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, судда сўралган гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишида тўпланган ҳужжатлари билан ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди, деб ҳисоблайди.
А.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан шу Кодекснинг 45-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
И.Абраев,
Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича
Олтинсой туман суди судьяси.
ЎзА