Халқ дипломатияси – ШҲТ фаолиятининг муҳим йўналиши
Шу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га асос солинганига 25 йил тўлади. Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан мазкур санага бағишланган қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, бугун Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Марказ директори Қобилжон Собиров тадбирни очаркан, юртимизда ШҲТ Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро майдонда илгари сурилганини эслатиб ўтди. Ушбу йўналиш доирасида Марказ ШҲТ давлатлари ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан ташкилотга аъзо мамлакатлар ёшлари ва аёллар ташкилотлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга асосланган ҳолда, халқларни бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро ишонч ва яқин қўшничилик руҳини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли тадбирлар ўтказилаётганига эътибор қаратди.
[gallery-29963]
Брифинг давомида маданий, илмий, маърифий дастурлар ташкил этиш, делегациялар алмашинуви, турли мавзуларда форум, бадиий кўргазма, мусиқа фестивали ва спорт тадбирлари ўтказиш орқали ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Мазкур тадбирлар маданият, таълим, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир якунида Қ.Собиров билдирилган таклиф, мулоҳаза ва тавсиялар учун иштирокчиларга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, ШҲТ доирасида кўп томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Марказ ва ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига умид билдирди.
Ғ.Хонназаров,
Н.Ҳайдаров, ЎзА