“Халқ билан бирга” тамойили амалда
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, унинг манфаатлари ва фаровон ҳаёти устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эзгу тамойилни ҳаётга изчил татбиқ этишда партия томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур дастур нафақат сиёсий ташаббус, балки аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган аниқ механизмлар мажмуидир. Унинг асосий мақсади ҳар бир хонадонга кириб бориш, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиш ва уларни қийнаб келаётган масалаларни жойида ҳал этишдан иборат.

Дастур доирасида партиянинг Навоий вилояти Кенгаши, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва фаоллар томонидан хонадонбай ўрганиш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилган. Бу эса аҳоли билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш имконини бермоқда.
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши аппарат раҳбари, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Муҳаммад Эшниёзов ҳамда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси Маҳфуза Ҳамраева ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашди. Учрашувлар давомида депутатлар ҳудудда жойлашган ётоқхоналарда истиқомат қилаётган фуқаролар хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишди.

Мулоқотлар жараёнида аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар коммунал хизматлар сифати, уй-жойларни таъмирлаш, бандлик, тиббий хизматга эҳтиёж каби масалалар кўтарилди. Фуқаролар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.
Эътиборлиси, айрим муаммолар жойида ҳал этилган бўлса, ечими вақт талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда аниқ “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Бу эса “Халқ билан бирга” дастурининг амалий аҳамиятини янада оширмоқда.

Шунингдек, учрашувлар давомида аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган имконият ва шароитлар ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Таъкидлаш керакки, бундай мулоқотлар аҳолининг давлат ва жамоат бошқарувидаги иштирокини ошириш, ишончни мустаҳкамлаш ва партиянинг жойлардаги таъсирини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олиниб, уларга бефарқ қаралмаётгани фуқароларда эртанги кунга ишончни мустаҳкамламоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири