Ҳалоллик — коррупцияга муросасизликнинг муҳим омили
Бугун аҳоли ва ёшлар ўртасида ҳалоллик, адолат, қонунийлик ва масъулият тамойилларини кенг тарғиб қилиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда жамиятда ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш энг долзарб масалалардан бири.
Бу борада «Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган «Ҳалоллик марафони: 3 соҳа — 1 тамойил» шиори остидаги тарғибот акцияси барча ҳудудда кенг кўламда ўтказилмоқда.
Қатор олий таълим муассасалари, тиббиёт масканлари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари давомида коррупциянинг жамият тараққиёти ва давлат бошқарувига салбий таъсири, унинг олдини олиш механизмлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик кабиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, тиббиёт ва таълим тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Акцияларда коррупцияга қарши курашишда нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти муҳимлиги таъкидланиб, ёшлар онгида ҳалоллик, адолат ва қонунга ҳурмат қадриятларини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратиляпти. Шу билан бирга, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ташаббус «Адолат» СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат маблағларининг очиқ ва мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби вазифалар билан ҳамоҳанг бўлиб, жамиятда ҳалоллик ва адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА