Гуйян — Хитойнинг яшил гавҳари
Хитой Халқ Республикасининг жануби-ғарбида жойлашган Гуйчжоу провинцияси маъмурий маркази — Гуйян шаҳри ўзининг бетакрор табиати, яшил тоғлари, замонавий меъморчилиги ва бой маданий мероси билан ажралиб туради.
Тоғлар ва тепаликлар бағрида жойлашган мазкур шаҳарни бежиз «яшил шаҳар» деб аташмайди. Сўлим боғлар, дарахтзорлар, дарёлар ва хушманзара сайргоҳлар унинг кўркига кўрк қўшади. Мўътадил иқлим ва серёғин об-ҳаво эса ҳудудда яшилликнинг узоқ вақт сақланишига қулай шароит яратади.
Гуйян нафақат табиий гўзаллиги, балки иқтисодий ва технологик тараққиёти билан ҳам эътиборга молик. Сўнгги йилларда шаҳарда саноат, савдо, туризм ва рақамли технологиялар жадал ривожланмоқда. Замонавий инфратузилма объектлари, осмонўпар бинолар ва кенг кўчалар шаҳарнинг янгиланиб бораётган қиёфасини намоён этади.
Шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари орасида Цзяшю павильони, тарихий Цинъян шаҳарчаси ва Хуаси боғи алоҳида ўрин тутади. Ушбу қадамжолар қадимий меъморчилик анъаналари, тарихий мерос ва табиат гўзаллигини ўзида мужассам этгани билан маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар эътиборини тортади.
Гуйяннинг яна бир ўзига хос жиҳати — маданий ранг-баранглигидир. Гуйчжоу провинциясида истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари, миллий либослари, анъанавий байрамлари ҳудуднинг бой маданий меросини акс эттиради.
Маҳаллий ошхона ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Аччиқ ва нордон таъмлар уйғунлиги, хушбўй зираворлардан кенг фойдаланилиши Гуйчжоу таомларига бетакрор мазза бағишлайди.
[gallery-32310]
Бугунги Гуйянда қадимий анъаналар ва замонавий тараққиёт, табиат ва шаҳарсозлик ўзаро уйғунлашган. Яшилликка бурканган тоғлар, тарихий обидалар ва замонавий иншоотлар шаҳарнинг ўзига хос манзарасини яратиб, уни Хитойнинг жозибадор сайёҳлик масканларидан бирига айлантирмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА