Гурланда Ўзбекистон кубоги мусобақалари
Шу кунларда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида бел олиш ва уч кураш спорт тури бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 500 нафардан зиёд ўғил-қиз қатнашаётган мусобақанинг дастлабки босқичида ўғил болалар 10 та, қизлар эса 4 та вазн тоифасида ўз маҳоратини намойиш этишди.

Муросасиз беллашувларда Шерзод Қўшниёзов, Умиджон Сайдуллаев, Сабина Қидирбоева, Фотима Идиева каби ёшлар ўз вазн тоифасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

– Ўзбекистон кубогининг Гурлан туманида ташкил этилаётганлиги юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам нуфузли мусобақаларни ўтказиш имконияти яратилаётганлигини кўрсатмоқда. Энг муҳими, мамлакат миқёсидаги мусобақанинг Гурланда ўтаётганлиги халқнинг кайфиятини кўтарди. Одамларда спортга, жисмоний тарбияга қизиқишни орттириб, фарзандларини спорт машғулотларига йўналтиришга иштиёқманд оилалар сафини кенгайтирмоқда, – дейди Ўзбекистон бел олиш ва уч кураш ассоциацияси бош котиби Носир Азизов.
Ўзбекистон кубоги беллашувлари 7 октябргача давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА мухбири