Гўзаллик ва латофат тимсолисан аёл
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Бухорода 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан фан, таълим, тиббиёт, маданият, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришаётган, ижтимоий ҳаётда фаол, маҳаллалар ободлиги, оилалар турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар иштирок этди.
Тантанада вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни ва улар тимсолида бухоролик барча хотин-қизларни байрам билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмаларни эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой билан таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда. Давлат даражасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар аёлларни янги Ўзбекистонни барпо этишнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиб, Ватанимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда.
Хусусан вилоят ҳудуддаги “Қизбиби”, “Биби Орифа”, “Жўйбори Калон”, “Модарихон”, “Биби Саида” мажмуаси каби муҳташам меъморий обидалар муҳтарама оналаримиз, Бухоронинг зукко аёллари даҳосига бағишланган эҳтиром монументи, десак, муболаға бўлмайди.
Сўнгги 7 йил ичида вилоятда ишбилармон аёллар сафи ҳам кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 25 минг нафардан ошди.
Хусусан, Янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилган сайловларда Олий Мажлис Сенатида 1 нафар, Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларимизда эса 103 нафар вилоятимиз аёлларига ишонч билдирилди. Бундан ташқари, вилоятимизда 2395 нафардан зиёд хотин-қиз турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Ҳозирда илм-фан соҳасида ҳам вилоятимиздаги олий ўқув юртларида жами 500 га яқин олима аёллар фаолият кўрсатмоқда.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2024 йилда вилоятда 59 916 нафар хотин-қизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Худди шундай, 3 минг 91 нафар аёлга шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун 18 миллиард 864 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилган. Саъй-ҳаракат туфайли 181 минг 433 нафар аёл бандлиги таъминланган.
Вилоят бўйича айни вақтга қадар 152 нафар ижтимоий шароити оғир хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилган. Ўтган йилнинг ўзида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 25 миллиард сўмга яқин кредит ва субсидия ажратилган. Натижада 26 мингдан ортиқ опа-сингиллар доимий иш ва даромадга эга бўлди.
Қувонарлиси, куни кеча Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида 4 нафар бухоролик аёллар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Шунингдек, Нилуфар Руҳиллаева ҳамда Дилшода Баҳронова сингари зукко қизлар Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
[gallery-22156]
Куни кеча эса маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 16 нафар аёллар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тантанада ана шундай эътирофга сазовор бўлган аёлларга кўкрак нишонлари ва ташаккурномалар топширилди.
Баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрамига бағишланган тантана санъат усталари, хушовоз эстрада хонандалари концерт дастури билан якунланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари