Ғўза парвариши қизғин бормоқда
Навоий вилоятида 2024 йилда 32 минг 588 гектар майдонга чигит қадалган. Айни пайтда 26 минг 112 гектар майдондаги ғўза шоналаган бўлса, 6476 гектар майдондаги ғўза гуллаган.
Маълумки, июнь-август ойлари ғўза парваришида муҳим палла ҳисобланади.
Навбаҳор туманида пахтачиликка ихтисослашган 182 та фермер хўжалиги томонидан 6 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.
Ҳозир далаларда культивация, шарбат билан суғориш ва чилпиш (чиканка) каби агротехник тадбирлар давом этмоқда.

– Туманимизда ғўза қатор ораларига ишлов бериш мақсадида 147 та культиватор жалб этилган бўлиб, бир кунда 700-500 гектар, мавсум бошидан эса 8-10 марта ғўза қатор орасига ишлов берилди, – дейди “Агроинспекция”нинг Навбаҳор туман бўлими бош мутахассиси А.Мансуров. – Жумладан “Арабхона” фермер хўжалигида 31 гектар майдонга чигитнинг “Бухоро 102” нави экилган бўлиб, ҳозирга келиб замонавий техникалар билан ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, суспензия сепиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли олиб борилди. Фермер даласида ғўзалар тўлиқ гуллаган ва 10-12 тадан кўсаклар мавжуд.
Шу кунга қадар тумандаги мавжуд ғўза майдонларига 6-7-марта суспензия сепилди. Шу билан бирга, 5412 гектар ёки 82 фоиз майдонда икки марта тўлиқ ҳамда учинчи суғориш ишлари ҳам амалга оширилди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳосил тақдири ҳал бўладиган айни шу кунларда ғўза майдонларининг ҳар гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарилиб, шарбат усулида суғориш ташкил этилса, тупроқдаги мавжуд микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 50 фоизгача ошади. Ушбу жараённинг сифатли амалга оширилиши эса ҳосилдорликнинг юқори бўлишини таъминлайди.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан ғўза агротехник тадбирларининг ўз вақтида ва кечиктирмасдан ўтказилиши назоратга олинган. Туман миқёсида шу кунга қадар олиб борилган ўрганишлар жараёнида 120 та камчилик аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлигига 2 та тақдимнома киритилган. 186 нафар фермерга огоҳлантириш хати ва 150 нафарига эса ёзма кўрсатма берилган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири