Ғоядан ихтирогача: Ёш муҳандислар билан келажакка қадам (+видео)
Бугунги кунда технологиялар жадал ривожланаётган бир шароитда ёшларнинг инновацион ғоялари амалиётга татбиқ этилаётгани қувонарли ҳолат. Айниқса, робототехника йўналишидаги изланишлар нафақат илм-фан, балки жамият хавфсизлиги ва технологик тараққиёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари томонидан ишлаб чиқилаётган бир қатор роботлар бунинг яққол намунасидир. Лойиҳалар устида турли курс талабалари, ёш муҳандислар иш олиб бормоқда.
Шундай лойиҳалардан бири — ёнғинни аниқлаш ва ўчиришга мўлжалланган автоном робот. У махсус сенсорлар орқали оловни эрта босқичда аниқлаб, унга яқинлашади ва автоматик равишда бартараф этишга ҳаракат қилади. Бу эса инсон омилини камайтириш, айниқса хавфли ҳудудларда хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир йўналиш — роботлар жанглари учун ишлаб чиқилаётган қурилма. Ушбу робот белгиланган талаблар, жумладан 70 килограммгача бўлган вазн доирасида яратилмоқда. Беллашув жараёнида роботлар бир-бирига қарши курашиб, рақибини тўлиқ ишдан чиқарган иштирокчи ғолиб деб топилади.
Учинчи йўналиш эса халқаро майдондаги ютуқлар билан боғлиқ. Жумладан, FIRST Global Challenge мусобақаси доирасида ишлаб чиқилаётган роботлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу мусобақада роботлар махсус шарларни йиғиб, белгиланган нуқталарга жойлаштириш орқали балл тўплайди. Айрим ҳолларда робот ушбу объектларни аниқ нишонга, масалан баскетбол каби улоқтириш функциясига ҳам эга бўлади.
Ёшлар таъкидлаганидек, ҳар бир катта ихтиро оддий ғоядан бошланади. Бугунги кичик қадамлар эса эртанги катта ютуқларнинг пойдеворидир.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/8C9l4_Cak6s" title="G`oyadan ixtirogacha: Yosh muhandislar bilan kelajakka qadam " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
О.Давронов (видео), А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА