Ғова – картошкачилик билан танилган қишлоқ
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг Чуст тумани деҳқончилик, айниқса картошка етиштириш борасида мамлакатимизда ўзига хос тажрибага эга ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тумандаги 15 та маҳаллада картошкачилик асосий йўналиш сифатида ривожлантирилган бўлиб, айни пайтда 5 минг 295 та хонадон томорқасида ушбу экин парваришланмоқда. Деҳқонлар ҳар 10 сотих ердан ўртача 4-5 тоннадан ҳосил олмоқда.
Қурама тоғлари этакларида жойлашган Ғова қишлоғи Наманган шаҳридан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган. Узоқ ҳудудда жойлашганига қарамай, бу ер аҳолиси меҳнатсеварлиги ва омилкорлиги билан ажралиб туради. Қишлоқда етиштирилаётган картошка нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда.
[gallery-30011]
Маҳаллий аҳоли йил давомида ўртача 20 минг тонна атрофида картошка етиштириб, юқори ҳосилдорликка эришмоқда. Бунинг замирида кўп йиллик тажриба, ердан унумли фойдаланиш ва замонавий агротехник тадбирларга амал қилиш муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, адир ва тоғ олди ҳудудларининг ўзлаштирилиши картошкачилик майдонларини кенгайтириш имконини берган. Мутахассислар таъкидлашича, ҳудуднинг табиий иқлим шароити ва тупроқ таркиби картошка етиштириш учун жуда қулай ҳисобланади.
Қишлоқнинг тажрибали деҳқонларидан бири Ҳабибулла Йўлдошев кўп йиллардан буён картошкачилик билан шуғулланиб келади. У ер танлаш, уруғлик саралаш, суғориш ва ҳосилни сақлаш борасидаги билим ва тажрибасини ёш авлод билан баҳам кўрмоқда.
— Қишлоғимиз тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, аҳолининг аксарияти томорқасида картошка етиштириш билан шуғулланади. Мўл ҳосилнинг асосий омили ерга меҳр бериш, маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишдир, - дейди Ҳабибулла Йўлдошев.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА