Ғолиблик зиммамга улкан масъулият юклайди
Андижонда “Ишбилармон аёл – 2023” республика кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” танлови ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.

ЎзЛиДЕП Андижон вилояти ва тумани кенгашлари ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда секторлар доирасида ғолибликни қўлга киритган 25 нафар ишбилармон аёл ўзларининг фаолиятига оид ҳужжатлар, кўргазмалар билан иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган туманнинг Наврўз маҳалласида фаолият юритаётган декоратив сунъий гуллар устаси, ҳунарманд Гуллолахон Маҳкамова ғолиб деб топилди.
– Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганимдан беҳад мамнунман, – дейди Г. Маҳкамова. – Ушбу муваффақият, ғолиблик зиммамга улкан масъулият юклайди. Энди янада фаол бўлишга, танловнинг вилоят босқичида ҳам ғолиблар қаторидан жой олишга астойдил ҳаракат қиламан.

Танловда ҳунарманд чевар Дилнозахон Мирзаевага иккинчи ўрин, косибчилик йўналишида иш олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Маҳмудахон Матҳакимовага учинчи ўрин насиб этди. Шунингдек, танловда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА